Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси футбол бўйича Осиё чемпиони бўлди


Ўзбекистон ампутант футболчилари Осиё чемпионати ғолиби бўлди. Улар финалда Индонезия терма жамоасини 6:0 ҳисобида мағлуб қилди. Жамоа мусобақа давомида мағлубиятга учрамади, 5 та ўйинда 33 та гол уриб, атиги 1 та гол ўтказиб юборди.
Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ўтказилаётган ампутантлар футболи бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлди. Улар финалда Индонезия терма жамоаси устидан 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мусобақанинг дастлабки босқичи лига тарзида ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва яна 4 та — Бангладеш, Индонезия, Ироқ ва Непал терма жамоалари куч синашди. Ўзбекистон лига босқичида 100 фоизлик натижа кўсатиб 1-ўринни олди.
Жамоа илк турда Индонезияни 8:1, иккинчи турда Непални 13:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учинчи турда футболчилар мезбон Бангладешга қарши майдонга чиқди ва жавобсиз уч тўп киритди — 3:0. 11 февраль куни Ўзбекистон гуруҳ босқичининг сўнгги турида Ироқни ҳам 3:0 ҳисобида ютди.
Терма жамоа турнир давомида мағлубиятга учрамади, 5 та ўйинда 33 та гол уриб, атиги 1 та гол ўтказиб юборди. Турнирнинг 3-ўрни Ироққа насиб қилди.