Тармоқда «Пиёниста» фильмида Жонни Депп ижросидаги қаҳрамоннинг илк сурати пайдо бўлди


61 ёшли актёр учун бу Эмбер Херд билан ажрашгани сабабли Голливуддаги суд жараёнлари ва «қораланиш»дан кейин кўп йиллик танаффусдан сўнг биринчи йирик лойиҳадир.
Variety нашриёти Жонни Депп бош ролни ижро этадиган «Day Drinker» («Пиёниста») фильмининг илк кадрини эълон қилди.
Фильмни «Янги Ўргимчак одам» ва «Ёзнинг 500 куни» фильмлари билан машҳур бўлган Марк Уэбб суратга олган. Фильм воқеалари круиз кемасида кечади, бу ерда маст йўловчи ва бармен аёл жиноий ҳодисага аралашиб қолади.
Бош ролларни Деппдан ташқари Пенелопа Круз ва Меделин Клайн ижро этади. Шунингдек, лойиҳада Ману Риос, Арон Пайпер, Хуан Диего Ботто ва Аника Нойл ҳам қатнашмоқда. Фильм премьераси 2026 йилга режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Жонни Депп ва Эмбер Херд ажралишларини эълон қилишган эди. Кейинчалик актриса оилавий зўравонликни бошдан кечирганини айтиб, исмларни тилга олмаган бўлсада, жамоатчилик буни дарҳол Депп билан боғлади.
Шундан сўнг шов-шувли жанжаллар, ролларни йўқотиш ва суд жараёни бошланди. Унда Депп туҳмат учун товон пули талаб қилди, Херд эса қарши даъво киритди. 2022 йилда суд актёрнинг фойдасига қарор чиқариб, айбловларни асоссиз деб топди.