Файзуллаев: «Аввалги схемада ўзимни қулайроқ ҳис қилардим»


«ЦСКА» ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев Россия Кубоги ярим финали доирасидаги «Динамо»га қарши баҳсдан кейин (2:1) бош мураббий Марко Николичнинг янги тактикаси борасида фикр билдирди.
Футболчи янги тактика бўйича ҳимояга кўпроқ ёрдам бериш кераклиги ва бу кўпроқ куч талаб қилишини айтди.
“Аввалги схемада ўзимни қулайроқ ҳис қилардим – кўпроқ олдинга ўтиб, марказроқда ўйнаб, ҳужумда фаоллик кўрсата олардим. Аммо мураббий менга бошқа услубда ўйнашни таклиф қилди ва бу борада ҳам ўзимни синаб кўришим кераклигини айтди.
Янги услубга мослашиш учун вақт керак бўлди, энди аста-секин мослашиб боряпман. Ҳозирда кўпроқ ҳимояга қайтишга мажбур бўляпман, бу эса кўпроқ куч талаб қилади,” – деди Файзуллаев Championat.com нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, Аббосбек Файзуллаев жорий мавсум Россия чемпионати доирасидаги 18 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ва 3 та ассист муаллифига айланган.