Тошкент аэропортида автоматик юк сақлаш камералари ўрнатилди


Тошкент аэропортининг халқаро ва маҳаллий авиақатновлар терминалларида йўловчилар ўз юкларини ташлаб, шаҳарда вақт ўтказиши мумкин бўлган автоматик жавонлар ўрнатилди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати хабар берди.
Халқаро терминалда юкларни сақлаш камералари учиб кетиш залининг биринчи қаватида ўрнатилган бўлиб, туну кун фаолият олиб боради.
- Юкларни сақлаш нархи — багаж ҳажмига қараб 1 соат учун 15 000 сўмдан 40 000 сўмгача;
- Рухсат этилган ўлчамлар: стандарт — 60×50×80 см, ўрта — 90×50×80 см ва катта — 180×50×80 см.
Маҳаллий авиақатновлар учун мўлжалланган терминалда эса учиб кетиш ва учиб келиш заллари ўртасида жойлашган, у ҳам 24 соат ишлайди. Юкларни сақлаш нархи соатига 10 000 сўм (барча турдаги багаж учун ягона тариф). Рухсат этилган ўлчамлар: кичик — 43×50×34 см, стандарт — 60×50×80 см.
Автоматик юкларни сақлаш жавони учун тўлов қуйидаги тартибда амалга оширилади: сақлаш жойи танланади ва нақд пул ёки банк карталари орқали амалга оширилади.