USAID Ўзбекистон иқтисодиётининг тўртта тармоғидаги лойиҳаларга грантлар ажратади
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги тўқимачилик, туризм, яшил иқтисодиёт ва АКТ соҳаларидаги лойиҳаларни грантлар билан қўллаб-қувватлайди. Хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга доир лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси учун аризалар қабул қилаётганини эълон қилди. Ташаббус ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тўқимачилик, туризм, яшил иқтисодиёт ва ахборот-коммуникация технологиялари каби муҳим тармоқларда ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.
АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, грант дастури кенг кўламли ташкилотларни, жумладан, кичик ва ўрта корхоналарни, нодавлат ташкилотларни ва иқтисодий ўсиш ҳамда ижтимоий инклюзияга ёрдам берувчи бошқа тузилмаларни қўллаб-қувватлайди. Хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга алоҳида эътибор берилади.
Грантлар ҳажми қўшма молиялаштириш шарти билан 25 мингдан 100 минг долларгача бўлади — USAID аксарият корхоналар учун лойиҳа қийматининг 50 фоизини молиялаштиради. Аёллар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар учун USAID харажатларнинг 80 фоизигача маблағ ажратиши мумкин.