Ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзоси этиб сайланди.
Олима бу йилги сайловларда МДҲ ва Марказий Осиёдан ягона вакил бўлди. Ўзбекистон тарихида бу нуфузли Академияга сайланган еттинчи академик олим сифатида эътироф этилди.
Бутунжаҳон фанлар академияси президенти, профессор Қуаррайша Абдул Карим Шаҳло Турдиқуловани табриклаб, уни диплом топшириш маросимига таклиф қилди.
Ўтган сайловда жами 74 нафар олимлар (50 нафар эркак ва 24 нафар аёл) сайланиб, TWAS академикларининг умумий сони 1444 нафарга етди. Академикликка диплом топшириш маросими 2025 йил бошида Италиянинг Триест шаҳридаги Академия бош қароргоҳида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шаҳло Турдиқулованинг Бутунжаҳон фанлар академиясига аъзо этиб сайлангани Ўзбекистон илмий салоҳиятини юксалтириш, жаҳон илм-фанига қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётганини намойиш этишда муҳим қадам бўлди.