«Харобадан чиққан миллионер» фильмининг давоми суратга олинади
«Харобадан чиққан миллионер» фильмининг давоми сифатида тўлиқ метражли кинокартина ва сериал суратга олиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Deadline» хабар берди.
Қайд этилишича, иккала лойиҳага ҳам ҳуқуқ «Bridge7» компанияси томонидан сотиб олинган. Таъкидланишича, фильмларда бош қаҳрамон Жамолнинг янги саргузаштлари ҳикоя қилинади.
Денни Бойл томонидан суратга олинган асл фильм 2008 йилда премьера қилинган. Сюжет марказида «Ким миллионер бўлишни истайди?» телевизион ўйинида иштирок этаётган Мумбайлик етим бола (Дев Пател) эди.
Фильм 278 миллион доллар йиққан ва саккизта йўналишда Оскар мукофотини қўлга киритган. Янги фильм ва сериалда бош ролларни Дев Пател ва Фрида Пинто ижро этиши бўйича ҳозирча маълумот берилмаган.