Жанубий кореялик ёзувчи адабиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритди
Стокгольмда Швеция Фанлар академияси адабиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти соҳибини эълон қилди.
Бу йилги мукофот жанубий кореялик ёзувчи Хан Канга насиб этди. Унинг асарлари «тарихий жароҳатлар ва инсон ҳаётининг нозиклигини акс эттирувчи кучли насрий шеърият» сифатида эътироф этилди.
У тана ва руҳ, ҳаёт ва ўлим ўртасидаги боғлиқликни ўзига хос англаб етиб, шеърий ва экспериментал услубда замонавий насрда янгилик яратувчисига айланган.
Лауреатларни тақдирлаш маросими Стокгольмда 10 декабрь куни, Альфред Нобель вафот этган куни бўлиб ўтади. 2024 йилда мукофот миқдори 11 миллион швед кронаси ёки тахминан 1,06 миллион долларни ташкил этади. Пул мукофотидан ташқари, Швеция қироли совриндорларга медаль ва дипломларни топширади.
11 октябрь куни Ослода тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреатлари номи эълон қилинади. Шунингдек, 14 октябрда Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган Алфред Нобел мукофотининг иқтисод бўйича совриндори маълум бўлади.
2023 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти норвегиялик ёзувчи Ён Фоссега топширилганди. У «таърифлаш қийин бўлган туйғуларни ифодаловчи инновацион пьесалари ва насрий шеъри учун» тақдирланган.