Ўзбекистон 2025 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар қаторига кирди
«BBC Travel» глобал медиа портали маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 25 та йўналиш рўйхатига кирди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Унда таъкидланишича, Ўзбекистонда инфратузилма ривожланмоқда, жумладан, янги меҳмонхоналар, юқори тезликдаги темир йўл маршрутлари, ички авиарейслар ва янгиланган маданий диққатга сазовор жойлар саёҳатчилар учун имкониятлар яратилган.
Бундан ташқари, 90 дан ортиқ мамлакатнинг, жумладан, Буюк Британия, Канада ва Австралия фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкинлиги саёҳатни сезиларли даражада осонлаштиради ва сайёҳлар учун янги имкониятлар эшигини очади, дейилади хабарда.
Шунингдек, 2024 йил ноябрь ойида Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғловчи «Ипак йўли темир йўл саёҳати» номли биринчи халқаро темир йўл йўналиши ишга туширилди.
Бундай саёҳат нафақат қадимий савдо ва маданий алмашувлар муҳитига шўнғиш, балки минтақада маданий алоқаларни кенгайтириш ва туризмни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади, дейилади «BBC Travel» хабарида.