Ўзбекистонда сайилгоҳларни хусусийлаштириш қонун билан тақиқланади
Маданий ҳордиқ масканлари, ерлари ва биноларни бегоналаштириш, ҳудудини қисқартириш ҳамда бино қуриш каби ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади.
«Адолат» СДП ва Экологик партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари томонидан аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди.
Қайд этилишича, ўрганишлар давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш кенгаяётгани кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келаётганини кўрсатган. Бу эса ўз навбатида, аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Истироҳат боғлари ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб, қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетаётгани таъкидланди.
Маданий ҳордиқ масканлари ва ҳудудларнинг ҳуқуқий ҳимояси етарли даражада мустаҳкамланмаган. Улар жойлашган ерларни хусусийлаштириш, ҳудудда бино-иншоот қурилишини таъқиқловчи қатъий нормалар мавжуд эмас.
Қонун лойиҳаси билан маданий ҳордиқ масканлари, уларнинг ерларини ва бино-иншоотларни бегоналаштиришни, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, бино қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки қурилиш ости майдонини кенгайтиришни таъқиқлаш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади. «Ботаника боғлари» эса муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилмоқда. Бундай боғлари ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, ҳудудида бинолар қуриш, қурилиш ости майдонларини кенгайтириш таъқиқланади.