Ҳафта инсони: Таниқли хонанда ва бастакор Санджай
«Ҳафта инсони» рукнининг бу сафарги меҳмони машҳур хонанда, шоир ва бастакор Санджай. Биз қўшиқчи билан санъат соҳасидаги фаолияти, ушбу фаолият турининг ўзига хосликлари ва яқин келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.
Санжар Жавбердиев (1978 йилда туғилган) — асли навоийлик. Рус, тожик ва ўзбек тилларида қўшиқлар куйлайди. Кўп йил давомида Россияда яшаб, фаолият кўрсатди, 2010 йилда Чеченистон Республикаси Халқ артисти унвони соҳиби бўлди.
Санджай тахаллусини нима сабабдан танлагансиз?
Мен кўп йиллар мусиқа билан шуғулланганман. Доим санъатга меҳрим бўлакча бўлган. Болалик пайтларимданоқ тунукаларни уриб, усулга тушириб юрардим.
Кейинчалик турли хонандаларга шогирд тушиб, созандалик ва қўшиқчилик сирларини ўргандим. Ўзим ҳатто мусиқий гуруҳ тузиб, чиқишлар қила бошладим.
Ана ўша пайтлар, исм ва фамилиямнинг биринчи бўғинларини жамлаб, СанЖай тахаллусини олиш фикри келганди. Кўпчилик буни ҳинд актёри билан адаштиришади.
Сиз оммавий ҳашарлар ҳам ташкил этгансиз, бундан фойда бўлдими?
Албатта, биринчи навбатда ҳашарлар ўша ерда яшовчилар учун фойдали бўлади. Чунки теварак-атроф тоза бўлса, баҳри-дилингиз очилади. Бундан ташқари, тоза жойни ҳеч ким ифлос қилгиси келмайди.
Мен 2021 йилда Тошкент шаҳрида чиқиндилар тўпланиб қолмаслиги учун одамларни бефарқ бўлмасликка чақириб чиқиш қилгандим. Ўшанда ҳокимлик менга Шайхонтоҳур тумани ободонлаштириш бўлимида ишлашни таклиф қилган.
Аммо шаҳар тозалигини таъминлаш учун масъул лавозимда ишлаш шарт эмас деб ҳисоблаганман. Шу сабабли доимий равишда ҳашарлар ташкил этишни одат қилгандим. Ўшанда бир кунда 50 дан ортиқ тўпланиб, белгиланган ҳудудни тозалардик.
Сизга «Карвон» қўшиғи машҳурлик олиб келдими ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
«Карвон» мени ўзбек халқига танитди деб ҳисобламайман. Чунки ундан кейин чиқарилган «18 минг олам» таронасини ҳам яхши қабул қилишди. Уни ҳозиргача тадбирларда ижро этиш учун мени таклиф қилишади.
Агар «Карвон»дан кейин бирорта ҳам ҳит қўшиқ чиқармаганимда, мени каверчи хонанда деб аташ мумкин бўларди. Шу сабабли бу фикрга қўшилмайман. Ҳозир ҳам бир қанча машҳур қўшиқларим бор.
Айниқса, 1 йил олдин чиққан «Пулнинг кучин кўринг, онажон» деб номланган қўшиқ ва унга ишланган клип жуда ҳам оммалашди. Бундай тарона анчадан бери ўзбек шоу-бизнесида яратилмаганди деб таъкидлашди.
Қачон янги ижод намуналарини кутсак бўлади?
Ҳозир кўпгина мусиқий лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Айримларида хонанда сифатида, бошқаларида эса бастакор сифатида ишлаяпман. Яқинда битта янги таронамни клипи билан биргаликда тақдим этмоқчиман.
Бунинг учун айни пайтда тайёргарлик ишлари кетмоқда. Унда кўплаб янгиликлар бўлади. Мухлисларнинг кутилмаларини оқлаш учун эртаю-кеч ижоддамиз. Ҳар бир кун биз учун ўта қадрли десам, адашмайман.
Бундан ташқари, Инстаграм саҳифамда турли хонандаларнинг машҳур қўшиқлари ва чет эллик санъаткорларнинг шедевр асарларини куйлаб, видеолар жойлаб бораман. Бу ҳам жуда оммалашяпти, мухлислар ҳам хурсанд.
Санъат соҳасига қизиқадиган ёшларга қандай маслаҳатлар бера оласиз?
Ҳамма соҳада бўлгани каби бу ерда китоб ўқиш асосий ўринда туради. Чунки сўз бойлиги бўлган хонанда ҳеч қачон мавзу тўпиб, қўшиқ ёзишга қийналмайди.
Ундан кейин овоз имкониятларини кенгайтириш устида ишлаш керак. Ҳа, хонандалик илоҳий истеъдод ҳисобланади. Лекин уни машқ қилиш орқали ҳам ривожлантириш мумкин.
Доимий ўрганиш ва ҳаракат сизни ҳар бир соҳада профессионалга айлантиради. Бундан ташқари, доим трендларни кузатиб бориш керак. Бу ҳам хонандаларга янгича услубда машҳур қўшиқ яратишга ёрдам беради.