2025 йилда ота-оналардан дарсликлар ижараси учун тўлов ундириладими?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун Давлат бюджетида кўрсатилган маблағ янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беришини таъкидлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда мактабларда ўқувчилар учун дарсликлар ижараси пуллик бўлиши масаласи юзасидан муносабат билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2025−2027 йилларга мўлжалланган учун бюджетнома лойиҳасида 2025−2026-ўқув йилидан 2−11-синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови қайта жорий этиш юзасидан таклиф берилганди.
Вазирликнинг қайд этишича, 2025 йил учун Давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради. Бунда ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган.
Вазирлик берган маълумотларга кўра, 2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун Давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилган. Ушбу маблағлардан 435,5 млрд сўми (ёки 36 фоизи) даврийлиги 1 йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган. 2025 йилда эса 81 млн нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун жами 1,3 трлн сўм маблағларни тўлиқ Давлат бюджетидан қоплаш кўзда тутилган.
«Бюджет жараёнларини шакллантиришда вазирлик томонидан, биринчи навбатда, иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлашда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажаришга устувор эътибор қаратилади. Бунда самарадорликни ошириш мақсадида турли йўналишлар бўйича таҳлиллар ўтказилади», — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, дарсликлар ижараси учун тўловни тиклаш таклифи «мактабларни дарсликлар билан таъминлашда ота-оналарнинг фаоллигини ошириш»га қаратилгани айтилганди. Бюджетнома лойиҳасида қайд этилишича, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўм) ташкил этган.