РУ
O’Z
UZS
/
/
Тошкентдаги Чорсу майдони реконструкция қилинади
02.11.2024

Тошкентдаги Чорсу майдони реконструкция қилинади

Тошкентдаги Чорсу майдони реконструкция қилинади

Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, жараёнда Чорсу меҳмонхонаси биносини демонтаж қилиш режалаштирилган.

Тошкент шаҳридаги Чорсу майдонини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Бу бўйича 2 ноябрь куни янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва турар-жой бинолари қурилишини ўз ичига олган лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Лойиҳа Дрездендаги Postplatz майдони, Берлиндаги EDGE Suedkreuz каби иншоотларни реконструкция қилиш лойиҳалари муаллифи — Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиб, 3,5 йил давом этади. Жараён ўзбекистонлик ва хорижий инвесторлар консорциуми томонидан амалга оширилади. Мажмуанинг очилиши эса 2029 йилга режалаштирилган.

Шу билан бирга, лойиҳа қиймати $170 млндан ортиқ. Майдонни реконструкция қилиш 620 иш ўрнини таъминлаб, Тошкент шаҳри фондига қарийб 113 минг кв.метр турар-жой ва тижорат кўчмас мулкларини қўшади, дейилади тақдимотда.

«Чорсу майдонининг янги қиёфаси пойтахтнинг Эски шаҳрини ўзгартириб юборади. Бу ерда инвестициялар ва бизнес учун муҳим жозибадор нуқта пайдо бўлади. Бизнинг мажмуамиз энг йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар офислари учун уйга айланишини кутамиз», — деди лойиҳа ишлаб чиқувчилар жамоаси раҳбари Андрей Требунский.

Унинг қўшимча қилишича, янги меҳмонхона сайёҳларга эски Тошкентнинг қоқ марказида энг йирик мегаполислар даражасида қулай яшаш имконини беради.

Жараёнда 2000 йиллар бошида ёпилган «Чорсу» меҳмонхонаси биноси демонтаж қилинади. Жамоатчиликка тақдим этилган бир нечта лойиҳалар амалга оширилмай, бинонинг техник ҳолати тўхтаб қолган йиллар давомида ёмонлашиб борганди.

Бошқа бўлимлардан материаллар