Аббосбек Файзуллаев гол ургандан сўнг турли қўл ишоралари қилмоқда. Бу ҳаракатлар нимани англатади?
Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Аббосбек Файзуллаев Жаҳон чемпионати саралаш учрашувларида гол ургандан сўнг уни анимедаги ҳаракатлар асосида нишонламоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Москванинг «ЦСКА» клуби ҳужумчиси Аббосбек Файзуллаевнинг қўл ҳаракатлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
У терма жамоа сафидаги сўнгги икки учрашувда, жумладан, Қатар ва Шимолий Корея билан баҳсда аниме қаҳрамонларининг қўл ҳаракатини такрорлади.
Ўз ўрнида, бу ишоралар мухлислар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу ҳеч қандай ёмон иш эмаслигини айтса, бошқалар бундай қилмасликни сўраган.
Аббосбек қандай ҳаракатларни бажарди ва улар қанақа маъно англатади?
Футболчи интервьюларидан бирида аниме оламини ёқтириб қолганини ва доимий равишда шундай мултфилмлар кўриб бораётганини айтган. У постлар остида ҳам «Наруто»дан иборалар ёзиб қолдирмоқда.
Шундан келиб чиқилса, Файзуллаев голни севимли фильмидаги севимли қаҳрамонига тақлид қилган ҳолда нишонлаяпти, дейишимиз мумкин. Бу фикрни у эълон қилган пост остида ёзилган изоҳларда ҳам кўриш мумкин.
«Йўлбарс» белгиси
Қатарга қарши кечган баҳсда Аббосбек Файзуллаев иккита голга муаллифлик қилди ва жамоани ўта мураккаб вазиятдан қутқаришига бир баҳя қолганди. У гол уриб бўлгач, бармоқларини бирлаштириб, «йўлбарс» ишорасини қилди.
Одатда олов ва ер унсурлари билан боғлиқ бўлган бу белги Хитой зодиак йўлбарсига асосланган. «Наруто»даги Саске кўпинча ўз кланининг ўзига хос оловли дзютсу техникасини бажаришда ундан фойдаланган.
Shadow Clone jutsu
Ҳужумчи Шимолий Корея билан жавоб учрашувида ҳал қилувчи ягона голга муаллифлик қилди ва энди бу сафар Нарутонинг ўзига тегишли қўл ишорасини қилди. У бу орқали жамоадошларини чақирган бўлиши мумкин.
Чунки мангада бу ҳаракат клонлашган одамлар Наруто атрофида тўпланади ва уларнинг барчасига куч тенг тақсимланади. Клонлар ҳам ўз тажрибасини ишорани қилган нинза билан телепатия ёрдамида бўлиша олади.
«Наруто» лойиҳаси ҳақида
«Наруто» Масаши Кишимото томонидан яратилган япон мангасидир. Фильм мазмуни ўз қишлоғида энг кучли (Ҳокаге) деб тан олинишини истовчи нинза Наруто Узумаки ва унинг дўстлари билан содир бўлувчи воқеалар ҳикоясидан иборат.
Манга 21 сентябрь 1999 йилдан 10 ноябрь 2014 йилгача Shueisha япон нашриёти томонидан Weekly Shonen Jump журналида чоп этилган. Манга асосида Aniplex ва Studio Pierrot компаниялари томонидан аниме-телесериал суратга олинган. «Наруто» Японияда 205 миллион нусхада сотилиб, бестселлер мангалар қаторига кирган.