Аукционда «чиройли» авторақам 551 млн сўмга сотилди
Бу кўрсаткич олдинги рекордга нисбатан 6,6 фоизга кўпроқдир.
23 декабрь куни ўтказилган онлайн аукционда жами 3,27 млрд сўмлик авторақамлар сотилди. Бу ҳақда республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.
Шу куни жисмоний ва юридик шахслар томонидан avtoraqam.uzex.uz савдо платформасида жами 631 та автомобил рақами харид қилинди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 5,2 млн сўм, энг арзон авторақам қиймати эса 1,9 млн сўм бўлган.
Биржа савдолари орқали сотилган энг қиммат «чиройли» авторақам қиймати 551,3 млн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич олдинги рекордга нисбатан 6,6 фоизга кўпдир.
9 ойда биржа савдоларида 152 мингдан ортиқ автомобил рақамлари сотилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 620 млрд сўмни ташкил этади. Авторақамларнинг 97 фоизи жисмоний, қолган 3 фоизи эса юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.