Айрим фуқароларга поезд ва автобус учун бепул чипталар берилади
Ундан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ногиронлиги бўлган шахслар бориш-қайтиш чипталари учун бир йилда бир марта фойдаланишлари мумкин.
4 октябрда қабул қилинган ҳукумат қарори билан айрим фуқароларга темир йўл транспорти ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул чипталар бир йилда фақат бир марта берилади.
Бу поезд ёки шаҳарлараро автобус ҳаракати учун амал қилиб, бориш ва қайтиш учун бепул чипта олишда исталган транспорт туридан фойдаланилиши мумкин. Уларни кузатиб бораётган бир нафар фуқарога ҳам бориш-қайтиш учун бепул чипта олиш имкони берилади.
«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ёлғиз ва ёлғиз яшовчи қариялар ҳамда бировнинг парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар реестрини юритади.
«Ўзбекистон темир йўллари»нинг ваколатли бўлинмалари, автовокзаллар мансабдор шахсларига бир ой ичида мазкур реестрдан фойдаланиш имконияти очилади. Бепул темир йўл ёки шаҳарлараро автобус чипталари реестр асосида берилади.