Аввал ва ҳозир: «Осмондаги болалар» фильми актёрлари 22 йилда қанчалик ўзгарди?
Режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг шоҳ асари сифатида тилга олинадиган драма 2002 йилда суратга олинган. Фильмда Севара Назархон ва Тоҳир Содиқовнинг қўшиқларидан фойдаланилган.
«Осмондаги болалар» фильми 2002 йилда режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан суратга олинган. Кинолойиҳа сценарийсини Мусоқов Рихсибой Муҳаммаджонов билан биргаликда ёзган.
Унда таниқли ижодкорлар: Музаффар Саъдуллаев, Тимур Мусоқов, Кристина Тоирова, Азиз Султонов, Малика Алимова, Жумадулла Раметов ва Ражаб Адашевлар роль ижро этган.
Toping.uz муҳаррирлари сериал актёрларининг 22 йил ичида қанчалик ўзгарганига қизиқди ва уларнинг аввалги ҳамда ҳозирги суратларини битта мақолага жамлади. Келгуси 10 дақиқа вақтингизни мароқли ўтказасиз, деган умиддамиз.
Музаффар Саъдуллаев (Ҳамдам) кинокарераси унчалик узоққа чўзилмаган бўлсада, актёр унутилмас ролларни гавдалантиришга улгурган. У «Осмондаги болалар»да ҳам, «Ватан»да ҳам бош ролларни ижро этган. Бу фильмлар ҳозирда миллий кино санъатининг олтин дурдоналаридир.
Тимур Мусоқов (Бахтиёр) 1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У фильм режиссёри Зулфиқор Мусоқовнинг ўғли ҳисобланади. Ушбу актёрнинг карьераси ҳам у қадар омадли кечмади. Кичик Мусоқов бир нечта фильмларда роль ўйнади ва режиссёрлик қилди.
Кристина Тоирова (Лола) «Осмондаги болалар» фильмидаги бош роли билан кино оламида шов-шув кўтарган актриса негадир кейинчалик картиналарда кўриниш бермади. У фақатгина орадан 20 йил ўтиб суратга олинган ўша машҳур фильмнинг учинчи қисмида суратга тушди холос.
Азиз Султонов (Жавоҳир) ҳам анъанани бузмади. Актёрнинг энг машҳур роли деб бемалол «Осмондаги болалар»даги ижросини айтиш мумкин. Султонов ундан кейин ҳам бир қанча фильмларда суратга тушди. Аммо бу унинг карьерасини муваффақиятли давом эттиришига ёрдам бермади.
Даврон Ғуломов (Хуршид) квартетнинг сўнгги иштирокчиси бошқалардан фарқли равишда бошқа фильмларда умуман суратга тушмаган. У бир нечта таклифлар бўлганини, аммо ўзи бу соҳада ишлашни хоҳламаганини айтади. Ғуломов ҳозирги кунда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.
Жумадулла Раметов (Ҳамдамнинг отаси) фильмда пиёниста ва масъулиятсиз ота образини гавдалантирган. Дадасининг ўхшамаган ҳаёти деб қийинчиликларда яшаётган оилани ҳали мактабни ҳам тугатмаган Ҳамдам боқишга уринади. Ҳозирда машҳур актёр Жумадулла Раметов оғир хасталикка чалинган.
Турғун Бекназаров (Алишер) фильмда машҳур режиссёр образини гавдалантирган актёр картинадаги энг муҳим персонажлардан бири ҳисобланади. У унчалик кўп кўриниш бермасада, аммо ҳар бир чиқишида болаларга ҳаёт сабоқларини бериб кетади. Актёр фильмнинг 3-қисмига таклиф этилганидан бениҳоя хурсанд бўлганини билдирган.
Ушбу мақола ёрдамида сизга хотиралар оламига шўнғишга ёрдамлаша олган бўлсак, ўз вазифамизни тўлиқ бажарган бўламиз. Тўпламни фильмни севиб томоша қилган яқинларингизга ҳам улашиб, уларни ҳайратда қолдиришни унутманг. Кейинги мақолаларда кўришгунча, ўзингизни эҳтиёт қилинг!