Барчин Ғофурова шахсий ҳаётига оид катта сирни очиқлади


Актриса Барчин Ғофурова «Sayyod» YouTube каналига берган интервьюсида исмини ўзгартиришига сабаб бўлган воқеа ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, баъзи инсонларга уларнинг исми оғир келиши мумкин. Бир неча йил аввал у аслида Умида бўлганини, бироқ маълум сабабларга кўра исмини ўзгартиришига тўғри келганини айтди.
Актрисанинг таъкидлашича, у бир йигит билан 9 йил давомида севишиб юрган, аммо йигитнинг оиласи уни келин сифатида қабул қилишни истамаган. У актриса бўлгани сабабли бу қарорга келишган. Шу туфайли унга «иссиқ-совуқ» қилишган ва натижада у оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган.
Ўз ҳудудларида бундай ҳолатни «вос-вос» деб аташларини билдирган актриса, бу нарса унга кучли таъсир қилгани сабабли бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринганини ҳам қўшимча қилган.
У ўша даврда йўл ўртасида туриб машина тагига ўзини ташлаш ҳақида ўйлаган пайтлари бўлганини, онаси эса уни турли шифокорларга олиб боргани, бироқ ҳеч бири унга ёрдам бера олмаганини айтди.
Ҳатто тўйларда куйлаш вақтида онгида ўзгаришлар юз бериб, «Бу ерда мен нима қиляпман?» деган фикрлар келган. Унга ҳатто қулоғига кимдир «ўзингни ўлдир» деб шивирлагандек туюлган. Шу сабабли 2018—2019 йилларда у ўз исмини Барчинга ўзгартирганини маълум қилди.