Буюк Британия ўзбекистонликлар учун мавсумий ишларга квоталар сонини оширади
Миграция агентлиги мамлакатнинг рекрутинг операторлари билан номзодларни топиш ва имтиҳонларни шаффоф ташкил этишга келишиб олди.
Ўзбекистон Буюк Британиянинг рекрутинг компаниялари билан мавсумий ишларга квоталар сонини оширишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Агентлик билан Халқаро миграция ташкилоти (МОМ), Буюк Британиянинг «Seasonal Workers Scheme» (SWS) лойиҳаси доирасида фаолият юритувчи расмий операторлар ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ALP (Ишчи кучи етказиб берувчилар ассоциацияси) ҳамда GLAA (Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилот) ўртасида мулоқот ўтказилди.
Унга Ўзбекистоннинг иккита ҳамкор компанияси билан бирга мамлакатнинг «Agri-HR-Ltd», «Fruitful jobs LTD» ҳамда «Concordia Charity» каби янги рекрутинг ташкилотлари раҳбарлари жалб қилинди.
Томонлар Буюк Британиядаги мавсумий ишларга ўзбекистонликларни жалб қилиш механизмларини муҳокама қилди. Бунда номзодларни топиш, саралаш ҳамда имтиҳон жараёнларини шаффоф ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Агентлик раҳбарияти Ўзбекистон билан ишлаш истагидаги Англиянинг барча рекрутинг операторлари билан шартнома тузиб, фуқаролар учун ажратиладиган квоталар сонини кўпайтиришга келишиб олди.