Хитойликлар 2024 йилда қандай автомобилларда юрди? Топ-7 модель
2024 йил якунларига кўра, Хитойда қайси автомобиллар энг машҳур? «Хитой автомобиллари» Хитойда энг кўп сотилган 100 та моделни тайёрлади. Биз BYD`нинг ҳукмронлиги қандай сўнганини ва Хитойнинг топ-7 брендлари ўртасида қандай ўзгаришлар юз берганини аниқладик.
1. Tesla Model Y — 480 309 та сотув
BYD Хитойдаги янги автомобиллар бозорининг 15% дан ортиғини эгаллаб турган бўлсада, унинг етакчилигига Tesla соя солди. Model Y электр кроссовери Хитойда энг кўп сотилган моделга айланди ва 480 мингдан ортиқ нусхада сотилди. 2023 йилдан бери Хитойда Tesla Model Y савдоси 5,2 фоизга ўсди.
Хитойда Tesla кроссовери Шанхай заводида ишлаб чиқарилади. 2024 йилги Model Y учун нархлар 249,9-263,5 минг юань (440-470 миллион сўм) оралиғида. 2025 йил январь ойида Tesla Хитойда янгиланган моделни тақдим этди.
2. BYD Qin Plus — 480 025 та сотув
BYD вакиллари, эҳтимол, икки карра афсусда. Ахир компания нафақат етакчиликни америкалик рақибига бой берди, балки атиги 284 та автомобиль фарқи билан ортда қолди. Шу билан бирга, BYD Qin Plus декабргача Хитойда сотувлар бўйича биринчи ўринни эгаллаб келган эди. Фақат йилнинг сўнгги кунларида Tesla Model Y уни ортда қолдирди.
BYD Qin Plus «ватани»да арзон сегментдаги автомобиль ҳисобланади ва кўпинча такси ҳамда каршеринг хизматларида қўлланилади. Шунингдек, уни хусусий мижозлар ҳам харид қилади. Модель гибрид ва электр версияларида мавжуд. У Хитойда 79,8-139,8 минг юань (140-240 миллион сўм) туради.
3. BYD Seagull — 453 593 та сотув
Сотувлар бўйича учинчи ўринни BYD Seagull электр хетчбеки эгаллади. Ўтган йил бошида компания функционал жиҳозлар рўйхатини кенгайтириш билан бир вақтда нархни 5% га тушириш орқали ушбу моделга қизиқишни оширди. Натижада модель сотуви 2023 йилга нисбатан 89,5 фоизга ўсди. Хитойда Seagull`нинг жорий нархлари 69,8-85,8 минг юанни (120-150 миллион сўм) ташкил этади.
4. BYD Song Plus — 418 474 та сотув
Хитойда сотувлар бўйича тўртинчи ўринни BYD Song Plus кроссовери эгаллади. Бу модель янада юқори поғонани эгаллаши мумкин эди, аммо BYD`нинг сиёсати яна тўсиқ бўлди. Компания муқобил дизайнга эга Song Plus`нинг тўғридан-тўғри аналогини бозорга чиқарди. У Song L DM-и номини олди. 2024 йилда уни 109 мингдан ортиқ мижоз харид қилди. Шундай бўлсада, Song Plus сотуви 7,2% га ўсди.
Хитойда BYD Song Plus гибрид ва электр версияларида сотиб олиш мумкин. Унинг нарх оралиғи 129,8-189,8 минг юанни (230-330 миллион сўм) ташкил этади.
5. Nissan Sylphy — 343 395 та сотув
Сотув рейтингида 2022 йилда Хитойнинг энг машҳур автомобили - япон Nissan Sylphy бешинчи ўринни эгаллади. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил якунларига кўра, у тўртинчи ўринда эди. Аммо энди унинг сотуви 8,6 фоизга камайди. Бу бензинли автомобилларга бўлган талабнинг пасайиши натижаси. Хитойлик харидорлар тобора кўпроқ электромобиллар ва гибридларни афзал кўрмоқда.
Nissan Sylphy Хитойда Nissan ва Dongfeng қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилади. Хитойда нархи 108,6-174,9 минг юанни (190-290 миллион сўм) ташкил қилади.
6. Volkswagen Lavida — 322 933 та сотув
SAIC-Volkswagen қўшма корхонасининг Volkswagen Lavida седани 2023 йилга нисбатан бир поғона пастга тушиб, олтинчи ўринни эгаллади. Унинг сотуви 6,6% га камайди. Хитойда Lavida`ни 93,9-151,9 минг юанга (160-260 миллион сўм) сотиб олиш мумкин.
7. BYD Yuan Plus — 275 223
BYD Yuan Plus электр кроссовери 2024 йил якунлари бўйича Хитойда сотувлар бўйича еттинчи ўринни эгаллади. Кўплаб БЙД моделларидан фарқли ўлароқ, унинг сотуви сезиларли даражада — 11,1 фоизга камайди. Бунинг сабаби, Yuan Plus аллақачон эскиришни бошлаган. 2025 йилда ушбу модель янгиланади ва бой берилган ўринларни қайтаришга ҳаракат қилади. Хитойда BYD Yuan Plus нархлари 119,8-147,8 минг юань (200-250 миллион сўм) оралиғида.