«Дубай шоколади»да саломатлик учун хавфли миқдорда бактериялар борлиги аниқланди


Тошкентда сотилаётган Fix dessert chocolatier бренди остидаги «Дубай шоколади» Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси синовларидан ўтказилганида инсон саломатлиги учун хавфли миқдордаги бактериялар борлиги аниқланди.
Инспекция мутахассислари Ecobozor Беруний филиали савдо нуқталарида сотилаётган ушбу шоколадни текшириб кўрган. Танлаб олинган маҳсулотлар сифат кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида «ЎзТест» ДМ синов лабораториясига топширилган.
Баённома натижаларига кўра қуйидаги номувофиқликлар аниқланди:
- Мезофил аэроб ва факултатив анаэроб бактериялар (МАФАМ), шунингдек, ачитқи замбуруғларнинг юқори даражадаги мавжудлиги;
- Коли гуруҳидаги бактериялар (БГКП) ва «Салмонелла 25 г» бактериясининг мавжудлиги, бу эса меъёрий ҳужжатларда қатъиян тақиқланган.
«Бундай кўрсаткичлар инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, айниқса, аллергик касалликларни келтириб чиқариши мумкин», дейилади инспекция матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, маҳсулотнинг ташқи кўриниши ҳам техник регламент талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Хусусан, «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентнинг тегишли бандлари талаблари бузилган.