Остон Ўрунов қанча муддатга сафдан чиққани маълум бўлди


Ўзбекистон терма жамоаси ва Эроннинг «Персеполис» клуби аъзоси Остон Ўрунов жароҳат сабаб 2—3 ҳафта майдонга туша олмайди. Бу ҳақда Varzish3 нашри хабар берди.
Ўзбекистонлик вингер Эрон Про Лигасининг 27-туридан ўрин олган «Сепахон»га қарши баҳснинг 25-дақиқасида жароҳат олиб, алмаштирилди. Дастлабки текширувлардан кейин клуб унинг жароҳати ҳақидаги хулосасини маълум қилди. Унга кўра, футболчи мушак қисмининг чўзилиши сабабли икки-уч ҳафта давомида жамоага ёрдам бера олмайди.
Аввалроқ футболчи ушбу жароҳат сабаб узоқ муддатга сафдан чиққан эди ҳамда Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралашидаги Қирғизистон ва Эронга қарши учрашувларни ўтказиб юборган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоасининг навбатдаги учрашувлари июнь ойида бўлиб ўтади. Остон катта эҳтимол билан ўша вақтга қадар сафга қайтади.