Чорвоқда шиша осма кўприк қурилади


Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни Ўзбекистонда туризм ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. «Ўзбекистон 24» телеканали ушбу тадбирдан тайёрлаган лавҳасида Чорвоқда шиша осма кўприк қурилиши ҳақида гап борган.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Юсуфхона ва Сижжак маҳаллаларини боғлайдиган шиша осма кўприк қурилиши режа қилинмоқда. 377 метрлик лойиҳа «Чорвоқ дарвозаси» туристик мажмуасини кенгайтиришнинг бир қисми бўлади.
Бўстонлиқ туманидаги «Чорвоқ дарвозаси» мажмуаси доирасида 16 та кўп қаватли уй, учта меҳмонхона, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, банк офиси, 1000 та автомобиль учун тўхташ жойи қурилди. Биноларга қуёш панеллари ўрнатилди.

Бундан ташқари, 2 гектарлик аквапарк, тадбирлар ўтказиш учун майдон (1 гектар), 262 ўринли 3 юлдузли Wyndham Garden меҳмонхонаси қурилиши режалаштирилган.
Янги Тошкент шаҳри қурилиш дирекцияси директори, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Одилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Юсуфхона ва Сижжак маҳаллаларини боғлайдиган 377 метр узунликдаги осма кўприк қурилиши режалаштирилгани ҳақида маълум қилди. Тақдим этилган слайдларга кўра, кўприкнинг бир қисми шишали бўлади.