Дилфуза Исмоилова миллион доллар эвазига ҳам рад этадиган роли ва араб шайхларининг таклифлари ҳақида гапирди


Таниқли хонанда Дилфуза Исмоилова миллион доллар таклиф қилинса ҳам, ижро этишни истамайдиган роли борлигини ва унга турмуш қуриш таклиф қилган араб шайхларини рад этганини айтиб ўтди.
Санъаткор кино ва сериалларда нега роль ижро этмаётгани ҳақида фикр билдирар экан, унга жуда кўп таклифлар келиб тушишини таъкидлади. Хусусан, режиссёр Ҳилол Насимов уни янги фильмга таклиф қилган. Бироқ хонанда таклиф этилган роль ичкиликка ружу қўйган аёл образи бўлгани учун ундан воз кечган. У ҳатто бу роль учун миллион доллар ёки ойига 100 минг доллар таклиф қилинса ҳам, уни ижро этишга рози бўлмаслигини таъкидлаб, ўзини роль танлайдиган актриса деб ҳисоблашини билдирди.
Шунингдек, Дилфуза Исмоилова ўз шахсий ҳаётидаги ноодатий турмуш қуриш таклифлари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Унинг айтишича, Юлдуз Усмонова билан қадр кечасида умра ибодатини адо этган пайтида Саудиянинг элчихонасида Наиф исмли ёш араб йигит унга қизиқиш билдирган. У нафақат хонандага совчи қўйган, балки унга алоҳида транспорт воситалари тайинлаб, катта эътибор қаратган. Исмоилова эса барча йўловчилар каби оддий автобусда юришни афзал кўрган.
Хонанда яна бир араб фуқароси ҳам унга турмуш қуриш таклиф қилганини эслаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу шахс унга чамадонлаб кийим-кечак, бриллиант ва тилла тақинчоқлар совға қилган, аммо Исмоилова буларнинг барчасини рад этган. Шунга қарамай, эркак барча совғаларни ташлаб кетган, санъаткор эса уларни ўз яқинларига тарқатиб юборган.
Ҳозирги кунда ҳам унга ёш йигитлар томонидан иккинчи хотин бўлиш таклифлари тушиб туришини таъкидлаган хонанда, бундай муносабатларга қизиқиши йўқлигини айтди. Унга кўра, айрим эркаклар у орқали ўз ҳаётини моддий жиҳатдан таъминлашни режалаштириши мумкин. Исмоилова фақат Аллоҳга ва яқинларига бўлган севгига ишонишини ва икки инсон ўртасидаги севги ҳеч қачон боқий эмаслигини қайд этди.