Toping.uzʼда афиша: Шаҳноза дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди
Қишнинг биринчи ойи бўлган декабрнинг навбатдаги ҳафтаси ҳам якунига етмоқда. Пойтахт кўчалари қишга хос бўлган тунд рангга кирган, ҳаво эса яна илиб, кўчаларда музлар эримоқда. Блогер Шаҳноза Абдуллаева билан кумуш қишдаги Тошкент ҳақида суҳбат олиб бордик.
Ҳордиқ
Мен кўпроқ экопаркда айланишни хуш кўраман. Чунки у ердаги барча ўз-ўзи билан банд бўлади. Ҳеч ким атрофдагиларга синчиклаб тикилмайди.
Бу ерда ўз хаёлларингиз билан ёлғиз қолишга имкон топа оласиз. Шунингдек, бу боғ турли фаслларда ўзига хос рангларга буркангани билан ҳам ёқимлидир.
Кино
Мен кинотеатрдаги намойишларга тез-тез бориб тураман. Кескин машҳурликка эришган фильмларни йирик экранларда томоша қилишни ёқтираман. Комедия ва мелодрама жанрларини ёқтираман.
Қўрқинчли жанрдаги фильмларни томоша қила олмайман. Театрга келадиган бўлсак, охирги марта мактаб пайтларида синфдошларим билан тушганман. Ундан кейин томошаларга бора олмадим.
Таом
Менга Pro.Xinkali, Shashleek ресторанлари ва Bon! кафелар тармоғида овқатланиш кўпроқ ёқади. Умуман олганда, бу брендларнинг номиёқ хўрандаларга кўп нарсани сўзлаб беради.
Pro.Xinkaliʼга фақат пишлоқли хинкали ва қарсилдоқ бақлажон салати ейишга, Shashleekʼка эса мастава ва митти шашликлар ейишга кираман. Бонъга эса Парижнинг кичик бўлаги сифатида қарайман, улардаги лососли круассан жуда ёқади.
Харид
Афсуски, бахтга қаршими ёки аксинча мен харидлар жинниси эмасман. Фақат керакли ва доим киядиган кийимларни сотиб оламан. Одатда йирик брендларнинг иловаларидан буюртма бераман.
Шунингдек, No.Name Store ва Luxxor каби маҳаллий брендлардан ҳам кийимлар оламан. Бунда доим сифатига эътибор бераман. Минг чиройли кийим бўлмасин, уни кийганингизда қулай бўлиши лозим.