Россиядан Ўзбекистонга қандай қилиб пул ўтказиш ва аксинча юбориш мумкин?
Россияда 1 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир ишламоқда. Уларнинг кўпчилиги ишлаб топган пулларини оилаларига жўнатади. Бизнинг материалимизда Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатишда қайси усул афзалроқ экани ва банклар пул ўтказмалари учун қандай комиссия олишиши ҳақида маълумот берамиз.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Хўжаакбар Файзуллахўжаевнинг сўзларига кўра, Россияда 1 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир ишламоқда.
Ўзбекистон фуқаролари кўпинча ишлаб топган пулларини ватанидаги оилаларига жўнатади. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2023-йилда хориждан Ўзбекистонга 11,4 миллиард долларлик трансчегаравий ўтказмалар амалга оширилган.
Россия ва Ўзбекистон банкларининг картасидан картага
Пул ўтказишнинг энг қулай усули банк иловалари ёки пул ўтказиш тизимлари орқали онлайн амалга оширилади. Россия ва Ўзбекистондаги бир нечта банклар картага фойдали ўтказмаларни таклиф қилмоқда.
“Сбербанк”
“Сбербанк” Ўзбекистонга кунига 150 минг рублгача (тахминан 21 миллион 200 минг сўм) ёки ойига 600 минг рублгача (85 миллион сўм) комиссия олмасдан ўтказиш имкониятини тақдим этади. 8 та банкка пул ўтказиш мумкин: Агробанк, Универсал Банк, Ҳамкорбанк, Халқ Банк, Orient Finance Bank, НБУ, Анорбанк, Капитал Банк.
Тинкофф Банк
Бу банк орқали оддий картадан ойига 20 минг рублгача (2 млн 800 минг сўм) ва Тинкофф Про обунаси билан 50 минг рублгача (7 млн сўм) бепул пул юбориш мумкин. Обуна ойига 199 рубль (28 минг сўм) туради. Кўпроқ пул ўтказилса, 1% тўлашга тўғри келади.
“ВТБ”
ВТБ банки 0,5% комиссия билан исталган суммани жисмоний шахснинг Ўзбекистондаги исталган ҳисоб рақамига телефон рақами орқали ўтказишни таклиф қилади. Лимит кунида 1 миллион рубль (141 миллион 700 минг сўм).
MTS Bank
Банк мижозлари ва MTS абонентлари телефон рақами орқали Ўзбекистонга Ҳумо ва UzCard карталарига пул ўтказиши мумкин. Банк карталаридан ўтказишнинг максимал суммаси — 100 минг рубль, шахсий ҳисобварақ ва электрон ҳамёнлардан эса 15 минг рубль.
“Газпромбанк”
Унинг ёрдамида пулларни Ўзбекистондаги исталган банкнинг Ҳумо ёки UzCard тўлов тизими картасига комиссия олмасдан ўтказиш мумкин.
Uzum Bank
Ўзбекистоннинг Uzum Bank тўлов тизими иловаси орқали пул ўтказмаларини бепул амалга ошириш мумкин. Пул ўтказиш учун энг минимал сумма — 100 рубль. Фойдаланувчи кунига беш марта ва ойига 150 тагача пул ўтказиши мумкин. Бир кунда 115 минг рубль (16 миллион сўм) гача, бир ойда эса — 600 минг рублгача (100 миллион сўм) транзитни амалга оширса бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг NBU, Анорбанк, Капитал Банк банклари ўз иловаларида пул ўтказиш имкониятини таклиф қилмоқда.
Капитал Банк
Капитал Банк сумманинг 1 фоизини ундиради. Кунига 300 минг рублгача, ойига миллион рублгача жўнатиш мумкин.
Агробанк
Агробанкъда тизим ичида доллардаги ўтказмалар 0,5 фоизни ташкил этади. Россиядан пулни фақат сўмда хизмат кўрсатадиган карталарда олиш мумкин. Масалан, UnianPay-Uzcard, Humo-Виса.
Анорбанк
Мазкур банк орқали маблағ ўтказиш учун Россия карталари санкция остида бўлмаслиги керак. Сбербанк ва Тинкофф орқали телефон рақамига пул ўтказиш мумкин. Россиядан Ўзбекистонга 1 та ўтказма учун кунлик лимит – 10 миллион сўм, ойлик эса 100 миллион сўм. Банк Россияга пул ўтказмаларини амалга оширмайди.
Универсал Банк, Ҳамкорбанк, Халқ Банк Ўзбекистон карталарига пул ўтказмаларини қабул қилишда ҳеч қандай чекловлар йўқ.
OFB
Orient Finance Bank’нинг халқаро Visa, MasterCard ёки UnionPay карталари эгалари Contact тизими орқали тўғридан-тўғри картага ўтказиши мумкин. Пул ўтказмасини жўнатиш миллий валютани хорижий валютага (доллар, евро, Россия рубли) конвертация қилиш орқали амалга оширилади.
“Картадан картага ўтказмалар қулайлиги туфайли кўпроқ оммалашган. Банкка бориб, навбат кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Агар сумма катта бўлса, бир нечта ўтказмаларни амалга ошираман”, — дейди Наталя Кац.
Пул ўтказмалари тизими
Халқаро пул ўтказмалари тизими маблағларни ўтказишнинг оммабоп усулларидан бири бўлиб қолмоқда. Улар орқали рублда пул жўнатиш ва уларни нақд ёки халқаро картага олиш мумкин. Конвертация учун хизматлар пул олмайди ва айирбошлаш курси банкка боғлиқ. Максимал миқдори ойига 10 минг доллар.
“Золотая Корона”, “Unistream”, “Contact” каби хизматлар паспортингиздан фойдаланган ҳолда пулни қулай пункт ёки картадан картага дарҳол олиш имконини беради.
Бундай трансфер учун комиссия ўртача 1-2% бўлади. Contact тизимида бу 100 минг рубль (14 миллион сўм) лимити билан ўтказма суммасининг 1,6 фоизини ташкил қилади.
Сардор Бахриев пул ўтказмаларида турли усулларни қўллайди. Россиядан катта миқдорда пул жўнатишда халқаро пул ўтказмалари тизимларидан, минимал суммалар учун эса онлайн усулдан фойдаланади.
Почта орқали
Почта орқали пул ўтказиш 90 минг рублгача (12 миллион 800 минг сўм) жўнатишга имкон беради. Ўтказманинг ўртача муддати — икки кун. Комиссия пул ўтказиш суммасига қараб 40-105 рубль ва пул ўтказиш суммасининг 1,5-3 фоизини ташкил қилиши мумкин.