«Исмигул»: Нега Nadyr`нинг хитга айланган қўшиғи тармоқлардан йўқолди?


Сўнгги ойларда ўзбекистонлик хонанда Nadyr (Нодирбек Игамбердиев) Ўктам Ҳакимовнинг «Исмигул» қўшиғига қилган қайта ижроси тингловчилар эътиборини тортди.
2023 йилда чиқарилган ушбу талқин анъанавий ўзбек куйларини «Энигма» гуруҳи услубидаги элементлар билан уйғунлаштирган. Янги аранжировка узоқ вақтдан бери таниш бўлган қўшиққа замонавий оҳанг бағишлади.
Қўшиқ турли мусиқа платформаларида энг яхши ва тавсия этилган треклар рўйхатига кирди, iTunes`да олтинчи ўринни эгаллаб, топ-10 га кирди. Шунингдек, трек Instagram`да вирусли тарзда тарқалди ва машҳур халқаро блоггерларнинг реэлсларида тез-тез учрай бошлади.
Яқинда кузатувчилар Исмигул халқаро платформалардан йўқолганини пайқашди — уни Yandex Music, Spotify, iTunes, YouTube ва Instagram`да топиб бўлмайди. Nadyr администратори Шаҳбозхон Баҳодировнинг айтишича, «Исмигул» ушбу қўшиқ муаллифининг кўплаб шикоятлари туфайли барча мусиқа платформаларидан олиб ташланган.
Санъаткорлар ўртасида ёзма келишувлар бўлмагани, фақатгина ёзишмалар бўлгани ва улар сақлаб қолинмагани сабабли, трекни ўчиришга мажбур бўлишган.
Шунингдек, у тингловчиларни рус ва итальян тилларида ижро этиладиган «Исмигул»нинг янги талқинлари кўринишидаги кутилмаган совға кутаётганини қўшимча қилди.