Матёқуб Матчонов танишини ҳақорат қилган учун жавобгарликка тортилди
Жабрланувчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матчонов билан суҳбатини диктофонга ёзиб олган ва уни ИИБга берган. Суд актёрни ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топди ва жарима белгилади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов Кинематография агентлиги биносида фуқарони ҳақорат қилгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Матёқуб Матчонов 2025 йил 15 январь куни Кинематография агентлиги биносида бўла туриб, Э.Йўлдошевни ўтказилаётган тадбирга халақит бериши важи билан бинога киритмаслиги юзасидан келишмовчилик юз берган. Натижада актёр уни турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган.
Матчоновнинг маълум қилишича, у Йўлдошев билан анча йиллардан буён таниш ва унинг аризасига асосан Кинематография агентлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда. Йўлдошев ўз аризасида Матчоновни Бадиий кенгаш аъзоси сифатида давлат буюртмаси асосида тасвирга олинган киноларда роль ижро этгани ва бу манфаатлар тўқнашуви эканини кўрсатиб ўтган.
15 январь куни Э.Йўлдошев Кинематография агентлигига келганида, қоровуллар уни ичкарига киритмаган ва ўртада тортишув юз берган. Буни кўрган Матёқуб Матчонов у билан гаплашиб олмоқчи бўлган, Йўлдошевни анча йиллардан бери танигани учун унга гапирган, кейинроқ эса уни ҳақорат қилган.
Суд мажлисида сўралган жабрланувчи Э.Йўлдошев Кинематография агентлигининг молиявий фаолиятидаги камчиликларни ўрганиш мақсадида Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилгани, ўрганиш шаффоф бўлиши учун у ҳам агентликка келгани, лекин бинога киритилмаганини айтган. Жабрланувчи Матчонов билан суҳбатини телефон аппаратида диктофонга ёзиб олган ва уни ИИБга берган.
22 январь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди қарори билан Матёқуб Матчонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (ҳақорат қилиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга БҲМнинг уч баравари (1 миллион 125 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.