Олдин ва ҳозир: «Изтопар» сериали актёрлари 17 йил ичида қандай ўзгарди?
«Изтопар афсонаси» Сам Раими томонидан яратилган АҚШ телесериалидир. Терри Гудкинднинг «Ҳақиқат қиличи» номли романи асосида суратга олинган. Сериалда бош ролларни Крейг Ҳорнер, Бриджит Риган, Брюс Спенс ва Табрет Бетел ижро этган.
ABC ва Disney компаниялари томонидан сериалнинг суратга олиш ишлари 2008 йилнинг май ойида бошланган. Биринчи ва иккинчи мавсумларнинг ҳар бири 22 қисмдан иборат. Иккинчи мавсум сўнггиси бўлди. Суратга олиш ишлари тўхтатилди, сериал ёпилди ва қайта тикланмайдиган бўлди.
Австралиялик актёр ва қўшиқчи Крейг Ҳорнер (Ричард Сайфер) 2010 йилларда сериал мухлисаларининг юрагидан урганди. У ўша йилларда энг қиммат актёрлардан бирига айланган. Ҳорнер 2022 йилда «Мукаммал жуфтлик» бадиий фильмида Калдер ролини ижро қилди. Шунингдек, 2023 йилда «Рок ороли сирлари» деб номланган сериалда Санни Грей образини гавдалантирди.
10 йилларнинг гўзаллик маъбудаси сифатида таърифланувчи актриса Бриджит Риган (Калан Амнел) «Изтопар» сериалини суратга олиш ишлари давомида ёзувчи Эамон Салливан билан танишиб, унга турмушга чиққанди. Жуфтлик ҳозирда икки нафар фарзандни тарбияламоқда. Актриса 2025 йилда суратга олинадиган «Сара» сериалида Кейт Бернард ролини ижро этиши кутилмоқда.
Дастлаб антогонист, ундан сўнг асосий қаҳрамонларнинг яқин дўстига айланган коҳина ролини ижро этган Табрет Бетел (Кара Масон) 2010 йилларда шу қадар машҳур бўлганки, Сиднейдаги кўчалардан бири унинг исми билан номланган. Актриса сўнгги йилларда ижодни деярли тўлиқ тўхтатган. У охирги марта 2016 йилда «Хонимлар» бадиий фильмида Кейт Девис образини гавдалантирган. Бетел айни вақтда фақат Instagram`даги саҳифасига расмлар жойлаб боради.
80 ёшли актёр Брюс Спенс (Зеддикус Зул Зорандер) ўзининг серқирра ижоди билан бир неча даврлар мухлисларини ром этиб келмоқда. У охирги марта 2023 йилда «Совуқ сув» фильмида Муррей ролида кўриниш берган. Шунингдек, ўтган йилда «Наутилус» фантастик фильмида CBIO компанияси раҳбарини образини гавдалантирди. У узоқ йиллар давомида театрда ҳам фаол ишлаган.
Сериалдаги асосий антогонист — Крейг Паркер (Даркен Роҳл) 2021 йилда «Яхши муаммо» сериалида Юрий Элвин ролини ижро этди. У турли Comic Con фестивалларининг доимий иштирокчиси ҳисобланади. Актёр сўнгги йилларда ижодий фаолиятдан бироз чекинганини англаш мумкин. У театрда фаол равишда роллар ижро этмоқда.