РУ
O’Z
UZS
/
/
«Қачондир доимий яшаш учун Тбилисига кўчиб ўтаман». Блогер Диёра Азимова билан суҳбат
14.11.2024

«Қачондир доимий яшаш учун Тбилисига кўчиб ўтаман». Блогер Диёра Азимова билан суҳбат

«Қачондир доимий яшаш учун Тбилисига кўчиб ўтаман». Блогер Диёра Азимова билан суҳбат
Муаллиф

Ушбу мақолада ўзбек ТикТок олами юлдузларидан бири, машҳур блогер Диёра Азимова билан ижодий фаолияти, саёҳатлар, услуб ва ҳаётий сабоқлари ҳақида суҳбатлашамиз. Блогер мухлисларига турли тавсиялар ҳам берди.

Блогерлик фаолияти бошланиши: ким ёки нима сабаб бўлган, видеолар учун ғоялар қандай пайдо бўлади?

2020 йил баҳорида коронавирус пандемияси бошланган вақтларда бутун Ўзбекистон бўйлаб карантин эълон қилинганди. Айнан шу вақтда фаол равишда блог юритишни бошлаганман.

Унгача ҳам Instagramʼга расмлар жойлаб борардим, аммо актив тарзда юритишга қизиқмаганман. Карантинда TikTokʼка турли видеолар юклаб, ижодий фаолиятимни йўлга қўйганман.

Ўша пайтларда TikTok Houseʼлар урфга айланганди. Биз ҳам дўстларимиз билан Лемон ва Cитй деб номланган уюшмаларни ташкил қилгандик. Дастлабки видеоларимни онам билан биргаликда суратга олганман.

Айни пайтда ўғлим билан видеолар ишлаяпман. Асосан ғоя пайдо бўлиб қолганда ёки қизиқ тенденцияга гувоҳ бўлганимда видео тасвирга олишга ҳаракат қиламан. Ижод қайнаган вақтда илҳомни умуман қўйиб юбормаслик керак.

Замонавий услубда кийинишни ёқтирасиз. Кийим танлашда нималарга эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?

Мен ўзимга ёқадиган исталган турдаги кийимни кийишим мумкин. Айнан бир услубга мансуб кийимларни харид қиламан деб айта олмайман.

Менинг кийим жавонимда тўқ рангдаги буюмлар, асосан қора рангли кийимлар мавжуд. Жуда ёпиқ ёки жуда очиқ кийимларни ҳам бир хилда ёқтириб кийишим мумкин.

Кийим танлашда айнан ранг, мато ва услубга аҳамият бериш керак деб ўйлайман. Чунки ҳар бир одам ўзини қулай ҳис қилиши учун биринчи унсурлардан бири бу албатта кийимдир.

Охирги йилларда кўп саёҳат қиляпсиз. Бу жараёнда нималарга эътибор бериш керак, шахсий тажрибангиз билан бўлиша оласизми?

Албатта, мен саёҳат қилишни жуда ёқтираман. Охирги вақтларда ўғлим билан саёҳат қилганим боис хавфсизлик қоидаларига амал қилиниш даражасини ҳам баҳолай бошладим.

Фарзандим саёҳатлар давомида ўзига турли хил янги дунёларни кашф қилаётгани мени қувонтиради. Бизга Грузия табиати ҳам ёқди, ўғлим эса кўпроқ инглизча сўзларни талаффуз қилмоқда.

Саёҳат давомида энг аввал борис-келиш учун авиарейслар, меҳмонхона ва кўришни хоҳлаган жойлар рўйхатини аниқлаш керак. Бунда барча хизматлар қулай ва ҳамёнбоп бўлишига ҳам эътибор қаратган маъқул.

Блогерлик фаолиятига қизиқадиганлар учун қандай маслаҳатлар бера оласиз? Ҳозир қайси йўналишни танлаган маъқул?

Ҳеч қачон ҳаракат қилишдан тўхтаманг, дейман. Сизнинг ҳаракатларингизни инкор қиладиган, ерга урадиган ёки паст баҳолайдиганларнинг фикрига умуман эътибор қаратманг.

Бизда одамлар ўзгаларнинг ҳаётини муҳокама қилишни жуда ҳам ёқтиришади. Агар бу гап-сўзларга эътибор бериб, қолиб кетсангиз, ҳеч бир режангиз охиригача амалга ошмаслиги аниқ.

Ўзингизга ёқадиган йўналишда видеолар суратга олганингиз маъқул. Масалан, мен вайн олсам, жуда ҳам кўп марта кўрилади. Аммо бу менга завқ бағишламайди. Худди шунингдек сиз ҳам ўзингизга маъқул келадиган йўналишни топинг.

Тошкент ва сиз борган бошқа пойтахтлар ўртасида қандай фарқлар бор. Санаб бера оласизми?

Менинг энг севимли пойтахтим — бу Тбилиси (Грузия маркази). Масалан, мен Москвада яшаб қололмасдим. Чунки бу шаҳарда ҳаёт жуда тез қайнайди, одамлар ҳар доим қаергадир шошади, ҳудуд ҳам жуда катта.

Барча бориб келган давлатларим ичида Грузияни кўпроқ яхши кўрганман ва қачондир Тбилисига қайтиб, шу ерда яшайман деб умид қиламан. Чунки бу шаҳар жуда ҳам сокин, одамлар ҳам жуда очиқкўнгил.

Ҳеч ким бир-бирини ташқи кўриниши, кийиниши ва бошқаларга қараб, муҳокама қилмайди. Ўзингиз хоҳлаган тилда мулоқот қила оласиз. Шу сабабли Грузияга қайтиб борган бўлардим, албатта.

Одамлар нима дейди: сиз одамларнинг фикри билан яшайсизми ёки йўқ. Бу борада қандай маслаҳатлар берасиз?

Асло йўқ! Ҳеч қачон бунга эътибор бермайман. Менинг аудиториям уларнинг фикрича очиқ кийинганим учун жуда ҳам кўп салбий изоҳлар ёзади. Кўпчилик менга ёпиқроқ кийинишни ва бу услуб ярашишини айтади.

Аммо менга ўз хоҳишимга биноан иш қилишим керак деб ҳисоблайман. Ҳеч қачон ҳеч кимнинг фикрига эътибор бермайман. Мени кузатадиган мухлисларимга ҳам айнан шундай маслаҳатларни берган бўлардим.