Самокат ва скутерларда қоидани бузганлик учун жарима миқдорлари тасдиқланди
Президент Шавкат Мирзиёев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ киритилган ўзгартиришларни тасдиқлади.
Унга кўра, скутерлар ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларида (ИҲВ) (электр самокатлар, сегвейлар, унитцикллар ва моноғилдираклар кабилар), мопедлар ҳамда уловли аравани бошқариш ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслик ва белгиланмаган жойларни кесиб ўтиш (138-модда) БҲМнинг 1/3 қисми (125 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. ИҲВ ёки скутерни йўловчилар билан ёки фарасиз бошқарганлик учун БҲМнинг 50%и (187 500 сўм) миқдорида жарима қўлланилади.
Маст ҳолда ИҲВ ва скутерларни бошқарган шахслар БҲМнинг уч баравари (1,125 000 сўм) миқдорида жаримага тортилади. Уларни текширувдан ўтказишга бўйин товлаганликлари учун ҳам худди шундай жарима белгиланган (136-модда).
Агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 50%идан ошмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий баённома, жарима миқдоридан қатъи назар, тузилади, бундан фото ва видеоёзувга олинган ҳолатлар мустасно.
Шунингдек, фото ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланган ҳолда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш мажбурияти ҳам белгилаб қўйилган. Агар бундай қоидабузарлик ҳақидаги маълумот ваколатли шахсга 48 соат ичида жўнатилмаса, ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди.