Шавкат Мирзиёев Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди


Ўзбекистон президенти терма жамоа ва «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди. Футболчи давлат раҳбарига ўз дастхати туширилган футболкани совға қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Манчестер Сити» футбол клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан учрашди, деб хабар бермоқда Футбол ассоциацияси матбуот хизмати.
Футболчи давлат раҳбарига ўз дастхати туширилган «Манчестер Сити» футболкасини топширди. Суратда Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов ва президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам бор.
21 март куни тушдан кейин, давлат раҳбари билан учрашувдан олдин Ҳусанов «Янги Ўзбекистон» боғига ҳам ташриф буюрди, у ерда Наврўз байрами тантанали равишда нишонланди. Тадбирда президент нутқ сўзлаб, халқни байрам билан табриклади.