Алиса со скидкой (верхний)
РУ
O’Z
UZS
/
/
Тошкент пиёдалар учун қулайми? Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев билан суҳбат
05.10.2024 (янгиланди 14.11.2024)

Тошкент пиёдалар учун қулайми? Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев билан суҳбат

Тошкент пиёдалар учун қулайми? Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев билан суҳбат
Муаллиф

Пойтахт аҳолиси йилдан-йилга жадаллик билан ўсмоқда. Бу эса йўллардаги ҳаракатда ўз акс-садосини бермоқда. Пиёдалар автомобиль, велосипед ва электросамокатлар орасида ўзига йўл топиб олишга мажбур.

image

Yangi yilga eng yaxshi sovg‘ani topdik. BU NIMA?

icon

Хўш, Тошкентни пиёдалар шаҳрига айлантириш учун нималар қилиш керак? Toping.uz айнан шу мавзуда таниқли журналист Муҳрим Аъзамхўжаев билан суҳбатлашди. Мақолада муайян қийинчиликлар кўрсатилиб, уларга ечим таклиф этилган.

Тошкентда пиёдалар йўлаклари етарлича ривожланганми? Бу борада қандай камчиликлар бор деб ўйлайсиз?

Бир хилда ривожланмаган деса, тўғрироқ бўлса керак. Чунки айрим жойларда етарлича қулайликларга эга йўлаклар мавжуд - масалан, Мирзо Улуғбек кўчасининг Мустақиллик шоҳ кўчасидан Дўрмон йўли кўчасигача бўлган оралиғи, бошқа ҳудудларда эса пиёдалар йўлаклари умуман йўқ - масалан, худди шу Мирзо Улуғбек кўчасининг Паркент кўчаси билан кесишмасига яқин қисмлари. Бундай жойларда пиёдалар, масалан, йўлнинг қатнов қисмидан ҳаракатланишга мажбур.

Мен урбанист эмасман, меъморчиликка ҳам даъвоим йўқ. Лекин қаерларда пиёдалар йўлкалари бўлиши ва улар қандай бўлиши кераклиги борасида қонун-қоидалар ёзилиб, бутун илғор стандартлар белгилаб қўйилган бўлса керак. Ана ўша нормаларга доимий амал қилинса - шаҳардаги ҳозирги қурилиш суръатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, менимча, яқин йилларда пиёдалар учун ноқулай бўлган бирор нуқта қолмаслиги керак.

Пиёдалар ўтиш жойлари: светофор, ерости ва ерусти йўлкалар қай бири афзал ва нима учун?

Пиёда доим устувор бўлиши керак. Урбанистлар ҳам доим бир гапни такрорлайди-ку - пиёда учун тўсиқсиз муҳит ҳосил қилиниши керак. Ер остига тушиш ҳам, ер устига чиқиш ҳам - тўсиқ. Ногиронлиги бор шахс ёки фарзандини аравачада олиб кетаётган аёл бундай жойлардан ўтиб олиши катта муаммо.

Ҳеч бўлмаса шаҳар ичидан ўтган трассаларда, масалан, Бунёдкор шоҳ кўчаси, Аҳмад Дониш кўчаси каби жойларда ё ерости, ё ерусти ўтиш жойлари бўлиши керак-ку, деган фикр ҳам айтилиши мумкин. Аслида, шаҳар ичида бундай трассалар бўлмаслиги керак - шаҳарнинг у бошидан бу бошига ҳаракатланиш шаҳар атрофидаги ҳалқа йўллари орқали амалга оширилиши керак. Шаҳар ичидаги йўллар ва кўчалар имкон қадар кичикроқ, торроқ бўлиши керак.

Кичикроқ ё торроқ — масалан, иккала томонга ҳаракатланиш бўлаклари сони жами тўртта бўлган йўлларда ерости ё ерусти ўтиш жойларини қуриш ҳақида бош қотирилмайди ҳам - ҳеч ким шаҳарнинг бирорта шундай, жами тўрт полосали кўчаси остидан ё устидан пиёдалар ўтиш жойи қурилганини эслай олмаса керак. Йўл қанча тор бўлса, унда ҳаракатни сокинлаштириш, пиёда учун хавфсизроқ қилиш имконияти ҳам ошаверади.

Бир неча йил аввал «Ҳар бир тартибга солинмаган (яъни, светофори йўқ) пиёдалар ўтиш жойига светофорлар ўрнатиш керак!», деган гап кўп айтиларди. Тошкентда 2023 йилдан бери жуда кўп светофор ўрнатилди. Аммо шу кеча-кундузда юз бераётган йўл-транспорт ҳодисалари ҳатто светофор ҳам самарали ечим бўла олмаслигини, светофор ишораларига бўйсунмайдиган ҳайдовчилар барибир пиёдаларни уриб кетавериши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Йўл қанча тор бўлса, полосалар сони қанча кам бўлса, ўша йўлни пиёдага шунчалик осон, камхарж, масалан, светофорсиз ҳам хавфсиз қилиш мумкин. Ҳозир маҳалла ичи йўлларида аҳоли ўзи уюшиб, расмийлар назарида ўзбошимчалик билан «ётиқ полициячи» дўнгалакларини ўрнатяпти. Аслида расмийлар ҳам мана шу ташаббускорликдан ўрнак олиб, тор кўчалардаги пиёдалар ўтиш жойларида каттароқ дўнгалаклар ўрнатиши керак.

Масалан, Тошкент Ситидаги пиёдалар ўтиш жойларининг айримлари шундай — машина йўли пиёдалар ўтиш жойига келганида бирдан баландлашади, бу жойда ҳайдовчи хоҳламаса ҳам тезликни пасайтиришга мажбур бўлади, йўқса катта дўнгалак машинани учириб юборади. Мана шу тажрибани бошланишига бошқа тор кўчаларга ҳам ёйиш керак.

Машина йўлларида автобуслар учун махсус А ёзувли чизиқлар ажратилганди. Бу фойда бердими?

Бу саволга жавоб беришдан аввал барча шаҳарларда тезлик чеклови 60 км/соатгача пасайтирилиши билан боғлиқ жараённи эслаб ўтмоқчиман. Бошида бу чеклов ишламайди, деган қарашлар ҳам бор эди. Яқинда самарқандлик журналист акамиз Шуҳрат Шокиржонов Тошкентга келганида, пойтахтда ҳайдовчилар аллақачон тезликни соатига 60 км дан оширмасдан юришга мослашиб қолибди, деган мазмунда твит ёзди.

Тўғри, бундай мослашувга бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Чеклов 70 км/соат бўлган вақти ўзим ҳам шу тезликка ўрганиб қолмаганми, 60 жуда секиндек, имиллашдек туюларди. Аммо ҳозир ўзим ҳам 60 км га ўрганганман, бундан тез юриш дарров сезилади. Атрофдагиларга ҳам асосан 60 км/соат тезликда ҳаракатланади. Кечаги кундан бир мисол - ярим тунда Ўрикзордан Юнусободга Ҳалқа йўли бўйлаб қайтдим. Соатига 60 км/соат тезликда. Ярим тун бўлса ҳам, машина кам эмасди, лекин бутун йўл давомида бирорта машина соатига 65 км/соатдан юқорироқ тезликда тезликда қувиб ўтгани йўқ. Бунда, албатта, камера ва радарларнинг ҳам ҳиссаси бор, аммо 60 лик чекловга ўрганиш ҳам бор.

Автобуслар учун алоҳида ажратилган бўлак масаласини ҳам шунга ўхшатаман. Тизим, идеал даражада бўлмаса ҳам, барибир иш беряпти. Тўғри, тонгги ва кечки тирбандлик вақтида кўп ҳайдовчилар бу қоидани менсимай, бемалол автобус полосасига чиқиб кетаётганини кўриш мумкин. Аммо куннинг бошқа вақтларида айнан шу бўлакка деярли машина кирганини кўрмайман. Ҳар ҳолда, ўзим кўп қатнайдиган Амир Темур шоҳ кўчасида шунга гувоҳ бўламан. Яъни, кўпинча «маданиятсиз» деб таърифланадиган ҳайдовчиларимиз ҳам автобус йўлини тўсмасликни ўрганди.

Идеали қандай бўларди? Масалан, Истанбул ёки Теҳрондагидек - автобус учун ажратилган алоҳида бўлак йўл четида эмас, йўл ўртасида бўлади, худди бир вақтлар Тошкентда юрган трамвайлардек. Ва у шунчаки йўл чизиғи билан эмас, балки ростмана ажратилади - камида ўша Тошкент трамвайлари ажратилганидек. Шунда автобуснинг бўлагига бошқа машиналар ҳам киролмайди, автобуслар тирбандликларда қолиб кетмайди, автобус қатнови тезлашади. Автобус қатнови тезлашгач, ўз-ўзидан кўпчилик, масалан, ишга шахсий автомобилда бориш одатидан кечади.

Шахсий тажриба: Тошкент бўйлаб пиёда сайр қилганингизда қандай муаммоларга дуч келгансиз?

Агар бир ўзим сайр қиладиган бўлсам, ҳеч қандай муаммога дуч келмайман - етти муччам соғ, айни қирчиллама ёшдаман ахир. Бирор ноқулай жойдан сакраб ёки четлаб ўтишим мумкин. Аммо болалар билан чиқадиган бўлсам, аввалроқ қулай, текисдек кўринган йўлнинг ҳам ноқулайликлари кўрина бошлайди. Биринчи муаммо — кўп жойларда нормал пиёдалар йўлаклари йўқ, баъзи жойларда умуман йўлакнинг ўзи йўқ.

Болалар аравачаси билан кўчага чиққанлар шу масалада жуда қийналишади. Бундай ҳолларда автомобиль йўлига чиқиб ҳаракатланишга мажбур бўласиз, лекин бу жуда хавфли. Яна шундай ҳолатлар бўладики, йўлакчалар шунчаки дабдала аҳволда бўлгани боис уни четлаб ўтишга ҳаракат қиласиз. Чунки бола бола-да, катта одамга ўхшаб: «Бу ёмон йўл экан, бу ерда эҳтиёт бўлиш керак», деб ўйлаймайди, айнан ёмонроқ жойда унинг ўйинқароқлиги кучаяди. Ë йиқилиб, ё машина йўлига чиқиб кетиб, бирор кор-ҳол орттириши мумкин.

Баъзан туппа-тузук пиёдалар йўлаги ўзидан-ўзи тугаб қолади - давомини тополмайсан. Ёғингарчиликлар бошлангач, бошқа муаммолар юзага чиқади. Масалан, брусчатка билан қопланган йўлаклар, қурувчилар ишни қўл учида қилгани учун, худди сувли мина майдонига айланади — «қайси бирини боссам, у жойидан қимирламайди, уст-бошимни шалаббо қилмайман», деб ўйланиб юрасиз. Тунда энг яхши пиёдалар йўлакларининг ҳам ҳаммаси ёруғ бўлмайди — нотекисроқ жойга келиб қолганингда, кўрмай, кўлмакка тушиб кетишинг ҳам мумкин.

Таъкидлаганимдек, мен ҳозир соппа-соғ бўлганим учун (кўз тегмасин!) бемалол юрибман. Аммо бу — мақтаниш ҳам, мақтов ҳам эмас. Йўллар фақат тўрт мучаси соғлар учун эмас, аввало имконияти максимум даражадаги чекланганлар ҳам бемалол юришига мослаб қурилиши керак.

Тошкентда пиёдалар учун қулай ва шинам шаҳар муҳитини яратиш учун қандай ечимлар керак, деб ҳисоблайсиз?

Бу борада шаҳарнинг айрим қисмларида ечимлар қилинди. Ҳозирда янгича услубда барпо этилаётган cityʼлар ва тематик кўчаларда пиёда имкон қадар устувор даражага олиб чиқиляпти. Шаҳар учун кўп яхши тажрибалар ҳам қилиняпти. Менимча, айнан шу тажрибаларни бутун шаҳар бўйлаб ёйиш керак. Бунинг учун қарор қабул қилувчиларга озроқ қатъият керак, деб ўйлайман.

Шаҳарга кўпдан кўп сокин хиёбони сайилгоҳлар керак — одамлар бемалол, бехавотир, тўсиқсиз муҳитда дам ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган яшил ҳудудлар кўпайтирилиши керак. Кўпайтирганда ҳам шаҳарнинг барча нуқталарида имкон қадар тенг кўпайтириш керак. Шаҳар марказида бир неча сўлим истироҳат боғлари ёнма-ён бўлгани ҳолда, чекка мавзеларда бирорта ҳам аттракционсиз парк бўлмаса, бу ҳам ечим эмас, ҳатто мана шундай тенгсизлик, масалан, тирбандликларга ҳам ўзининг салбий таъсир қилади.

Айни вақтда, шаҳар маркази ҳақиқатан ҳам катта бир боғ, сайилгоҳ бўлиши ҳам ёмон фикр эмас. Аммо бунинг учун уни эгаси эрталаб ишхонасига кириб кетиб, кечаси иш тугагач қайтиб чиқадиган, кун бўйи шаҳар марказида минглаб квадрат метр жойни беҳуда, ҳаммага, хусусан, пиёдаларга халал берган ҳолда эгаллаб ётадигна автомобиллардан тозалаш керак. Бундай тозалаш учун пулли парковка тизимини ниҳоят ишга тушириш керак.

Шу вақтгача ишга шахсий автомобилида келаётган офис ходимлари ишга бемалол келиб-кета олиши учун жамоат транспорти тизими ҳам тинимсиз ривожлантирилиши, тармоғи, турлари янада кўпайиши лозим. Ўз навбатида, минглаб автобусларни олиб келиб, уларни тирбандликларда қолдириш ҳам ярамайди — автобуслар бетўхтов ҳаракатда бўлиши учун зарур инфратузилмани ҳам ташкил этиш керак; йўл четидаги алоҳида ажратилган бўлак — бу ҳатто яримчора ҳам эмас.

Автомобилларга устуворлик бериш ғоясидан воз кечиш амалда сезила бошлаши керак. Масалан, автомобиллар учун кўприклар қуриш каби ғояларни тўхтатиш керак. Ва йўлларда автомобиль ҳайдовчиларидан бошқа иштирокчилар ҳам борлигини эслаб, улар ҳақида ҳам ўйлай бошлаш керак — ахир шаҳар ривожланяпти, унда самокат, скутер каби янги-янги транспорт турлари нафақат пайдо бўляпти, балки кун сайин кўпайяпти. Улар учун ҳам ўзига мос инфратузилма керак.

Лекин бу борада ҳам ўтган йилларда қилинган хато - велосипедчиларга пиёдалар ҳисобидан йўлак қилиб бериш хатоси такрорланмаслиги керак. Пиёданинг ҳақига тегилмасин, велосипедчи, самокатчи ё скутерчига қанча йўлак керак бўлса, ҳаммаси автомобиль йўли ҳисобидан олинсин ва у автомобиллардан ҳам, пиёдалардан ҳам жисмонан ажратилсин. Ажратилмаса, ё машина велосипедчини уриб кетади, ё самокатчи тротуардаги бирор болани босиб кетади.

Бошқа бўлимлардан материаллар

Buyurtma qoldiring

Bizning menejerlarimiz yaqin orada siz bilan bog‘lanadi.

Yangi Shop Tashkent

map-pin

Малика, магазин 6а

Сотувчи
phone

+998901777516

telegram-logo

@yangishoptashkent

Раҳмат, аризангиз қабул қилинди.