РУ
O’Z
UZS
/
/
Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади
10.10.2024

Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади

Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди.

Қайд қилинишича, бугунги кунда шаҳар ҳудуди 43 минг 822 гектар, аҳоли сони 3 миллиондан зиёд. Келгусида бу миқёс янада ошиб боради. Шу боис Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси лойиҳалаштирилди.

Давлат раҳбари бу борадаги илк ишланмалар билан 2022 йилда танишган эди. Унда берилган кўрсатма ва тавсиялар асосида лойиҳа такомиллаштирилди. «ТошкентбошпланЛИТИ» корхонасида Цингапур, Буюк Британия, Туркия, Германия, Хитой ва Нидерландия компаниялари билан ҳамкорликда пухта иш олиб борилди.

Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри ҳудуди 3 та зонага ажратилади. Консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолади. Реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлади. Реновация зонасида эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилишлар ва таъмирлаш амалга оширилади.

Бугунги кунда экология ва транспорт муаммолари долзарб бўлиб бормоқда. Хусусан, охирги ўн йилда Тошкентдаги ҳаво ҳарорати ўртача 1 даража кўтарилган. Баъзи кунларда атмосферадаги ифлослантирувчи моддалар меъёрдан ортиқ бўлмоқда. Автомашиналар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда.

Шу боис янги бош режада бу масалалар инобатга олинган. Жумладан, Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилиб, 25 минг гектарга етказилиши белгиланмоқда. Бу орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдон ҳозирги 3 квадрат метрдан 6 квадрат метрга ошади.

Бошқа бўлимлардан материаллар