Тошкентнинг собиқ Спутник массивида реновация дастури бошланди
Ҳудуддаги ёғоч уйлар ўрнида 93та 16 қаватли уйлар қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа 2027 йилгача амалга оширилади.
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида жойлашган «Йўлдош» (Спутник) массивида реновация дастури бошланди. Бу ҳақда «Ташкент Инвест» компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа «GC Group Industries» томонидан 24 гектар майдонда амалга оширилади. Бунда ҳудуддаги яшаш учун яроқсиз 409 та икки қаватли ёғоч уйларни янгилаш режалаштирилган.
Мажмуа ҳудудида 13 392 та хонадонга мўлжалланган 93та 16 қаватли уй қурилади. Инфратузилмага 1 600 ўқувчига мўлжалланган мактаб, 600 ўринли болалар боғчаси ва сунъий кўл киради.
Уйларнинг биринчи қаватлари яшаш учун мўлжалланмаган бўлиб, маиший хизмат кўрсатиш зоналари ҳамда ер усти ва ер ости автотураргоҳлар жойлаштирилади. Лойиҳани 2027 йилгача амалга ошириш белгиланган.
Эски уйлар аҳолиси учун «Гулшанобод» маҳалласида «Янги маҳалла» турар-жой мажмуаси барпо этилади. Ҳозирда шартномалар тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.