Шаҳзода қачонга ижодга қайтишини маълум қилди
Хонанда Шаҳзода мухлислари томонидан доимий равишда бериладиган саволга ваниҳоят жавоб қайтарди.
Таниқли хонанда Шаҳзода 4 йилдан бери ижодий танаффусда. У 2020 йилдан бери янги тароналарини мухлисларига тақдим этмаяпти.
Кўплаб маҳаллий ОАВ танаффусга қўшиқчининг турмуш ўртоғи ва продюсери Равшан Йўлдошевнинг вафотини сабаб қилиб кўрсатади.
Шаҳзода 2024 йил 22 октябрь куни 4 йил олдин эълон қилинган «Балки» деб номланган қўшиғига ишланган клипни Instagram саҳифасига жойлади.
Ушбу пост остида хонанданинг мухлисаси «Санъатга қачон қайтасиз деган саволга жавоб бергандирсиз. Аммо мен яна сўрайман, биз мухлисларингиз сизни кутяпмиз», деб ёзган.
Қўшиқчи эса ушбу изоҳга жавоб қайтарган. «Ассалому алайкум. Иншааллоҳ», — дея таъкидлаган Шаҳзода. Ушбу жавобдан кейин кўплаб мухлислар унинг ижодга қайтишини кутаётганини ёзишган.
Мавзуга доир: Шаҳзода: Ўзбекистоннинг энг машҳур қўшиқчиси биографияси, шахсий ҳаёти ва сўнгги янгиликлар ҳақида
Эслатиб ўтамиз, хонанда Лола Йўлдошеванинг отаси, «Tarona Records» компанияси таъсисчиси Равшан Йўлдошев (Шаҳзоданинг турмуш ўртоғи) 2020 йил 30 март куни 59 ёшида вафот этган.
2022 йилда Шаҳзода санъатни бутунлай тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалган. Аммо бу хабар Шаҳзоданинг ўзи томонидан рад этилган. Унинг продюсери Даврон Муқимов хонанданинг ижодга қайтиши ўзбек шоу-бизнесида портлаш бўлишини билдирган.
Асл исми Зилола Мусаева бўлган хонанда 2023 йилдан эътиборан Ўзбекистонда фаолиятини бошлаган етакчи онлайн-маркетплейс «Uzum Market»нинг бренд-амбассадори сифатида танилган. У ҳозирга қадар ушбу онлайн дўконлар тармоғи билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.