Уйда шуғулланиш мумкин бўлган 100 та қизиқарли ва фойдали машғулот ғоялари
Кун ва туннинг исталган вақтида, муддати чекланмаган, мавсумийлиги ҳам йўқ бўлган фойдали ишлар рўйхати. Шунчаки уйда шу машғулотлар билан шуғуллансангиз, ҳаётингиз ижобий томонга ўзгариш кафолатланади. Айниқса, бу машғулотлар хафа бўлганингизда, ҳамма нарсадан тўйиб кетганингизда ёки шунчаки зериккан вақтингизда кайфиятингизни кўтариш ва ҳаётга қувноқ нигоҳ билан боқишингизга ёрдам беради.
Ижодий фаолият
Расм чизиш ва бўяш
Агар сизда рассомликка бўлган иштиёқ мавжуд бўлса ва сиз қалам, бўяш чўткаси билан моҳирона фойдалана олсангиз, ижодий расмлар чизишингизнинг вақти келди. Аввалига, рақамлар бўйича бўяшдан бошлашингиз мумкин, кейин эса мураккаброқ даража – аниме услубида расм чизишга ўтишингиз мумкин.
Тўқиш ва тикиш
Агар сиз ҳам биз каби онангиз ёки бужурингизнинг “бичиш ва тикиш” бўлими мавжуд бўлган “Бурда” журналларини яхши кўрган бўлсангиз ёки меҳнат дарсларида энг қўли гул ўқувчилардан бири бўлган бўлсангиз, бу машғулот сиз учун. Шунингдек, тикиш курсларига ёзилиш мумкин – ким билади, балки сиз бир кун келиб ўз кийим брендингизни очасиз.
Ўз қўлларингиз билан безак буюмларини яратиш
Марилин Монро томонидан айтилган “қизларнинг энг яхши дўстлари (олмослар)” ҳақидаги қўшиқ бекорга айтилмаган. Ҳали ўша қимматбаҳо тошларга пул йиғламаган бўлсангиз, ўз бўлмаганда ажойиб бижутерия: маржонлар, узуклар, сирғалар ясашни бошлашингиз мумкин. Уларни бисер, ёғоч ёки металлдан ясашингиз мумкин. Бундай тақинчоқлар эксклюзив фақат сизда бўлади!
Шахсий кундалик юритиш
“Қадрдон кундалигим, бугун яна севиб қолдим”. Эсингиздами, шу каби самимий ёзувларни ёзганингиз? Ишончимиз комилки, ҳар бир ўзини ҳурмат қиладиган қизда шахсий кундалиги бўлган. Агар йўқ бўлса, тезда ўз ҳиссиётларингизни тўлиқ ёзиб борадиган катталар кундалигини тутишни бошланг. У ерда режаларингиз, фикрларингиз, орзуларингиз ва миннатдорчилигингизни ёзишингиз мумкин.
Фотоколажлар яратиш
Энди iPhone ёки фотокамерада олинган барча фотосуратларингизни чоп этиш вақти келди. Хотиралар телефонингизда тургани яхши, аммо ҳақиқий ва қоғозда чоп этилгани янада яхши.
Таълимий фаолиятлар
Янги тилни ўрганиш
Неччи марта ўзингизга “душанба кунидан инглиз тилини ўрганишни бошлайман” деб ваъда қилгансиз? Энди бу ишни бошлаш вақти келди. Онлайн репетитор топинг ёки чет тили курсларига ёзилинг. Бир неча ойдан кейин чет тилида равон гапира бошлаганингизда ўзингизга раҳмат айтасиз.
Китоблар ва мақолаларни ўқиш
Китоб ўқиш хотирани ривожлантиради, мия саломатлигини мустаҳкамлайди ва сўз бойлигини оширади. Бу машғулотнинг фойдали томонлари жуда кўп. Шунингдек, бу телефонни варақлагандан кўра инсон миясини тинчлантиришга анча кўпроқ ёрдам берадиган машғулотдир.
Онлайн курслар ва вебинарлар
Тарих, санъат, расмлар, мусиқа асбоблари чалиш ёки психология бўйича вебинарлар – дунёда ўранишимиз мумкин бўлган қанчалар кўп нарса бор! Онлайн ўрганиш имконияти эса, доим банд бўлганларга янги нарсаларни ўрганишларига ҳам имкон беради. Бунинг учун фақатгина тугмани босиш кифоя.
Бошқотирмалар ва кроссвордлар ечиш
Бу ҳам хотирани яхшилаш ва шу билан бирга хотиржамликка эришиш учун ажойиб машғулот бўлиб, у нафақат боболар ва бувилар, балки зерикаётган ёшлар учун ҳам қизиқарли машғулотдир. Дўстингиз ёки турмуш ўртоғингиз билан ким тезроқ барча катакчаларни тўлдириб жавобларни тўғри топса, мукофот мазали таом билан меҳмон қилиш бўлади.
Документал фильмлар томоша қилиш
Документал фильмлар бу фақат “Анимал Планет” эмас. Netflix’да кўплаб фильмлар мавжуд: актёрлар, мусиқачилар, мода брендлари, спортчилар, жиноятлар ва ҳаттоки Жонни Деп ва Амбер Ҳерднинг ажралишига бағишланган фильмлар бор. Бу доимий равишда қизиқарли ва фойдали.
Жисмоний фаолият
Уйда бажариладиган спорт машғулотлари ва фитнес
Спорт соғлиқ учун муҳим эканлиги ҳақида эслатиб ўтиш шарт эмас. Жисмоний фаолият кайфиятни яхшилайди, гормонлар балансини тўғирлайди, танани кучлироқ, эгилувчанроқ ва енгилроқ қилади. Бу сабабларнинг барчаси уйда спорт билан шуғулланиш учун асос бўлади. Эрталабки машқ, лимфодренаж машғулоти ёки YouTube'да workout – бепул ва рўйхатдан ўтмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Йога ва медитация
Бу ерда ҳам видеоларни томоша қилиб, медитация ва йогага оид машғулотлар қилишингиз мумкин. Агар ишдан чарчаган бўлсангиз ёки шунчаки тўлиқ бўшашишни истасангиз, ҳар куни эрталаб медитация қилишга эринманг, шунда ҳаётга янгича нигоҳ билан боқишни бошлайсиз.
Севган мусиқангизга рақс тушиш
Бритни Спирс ёки Меладзе қўшиқлари – фарқи йўқ, асосийси мусиқа баланд овозда бўлсин ва танангиз ритмга мослашсин. Бунинг асосий бонуси шундаки, 40 дақиқалик рақс билан 300-400 калория йўқотишингиз мумкин. Бу бир бутун круассанни ҳазм қилиш дегани!
Очиқ ҳавода сайр қилиш (агар имкони бўлса)
Иложи борича ҳар куни, ҳеч бўлмаганда ярим соат давомида сайр қилиш жуда муҳим. Ҳозирда ҳамма гапираётган 10 минг қадам қилиш мажбуриятини унутиб, кундалик юриш – бу соғлиқ учун энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлаймиз. Агар уйдан ишлаётган бўлсангиз, дераза олдида ёки хонада телефондан гаплашган вақтингизда юрсангиз ҳам фойдали.
Уй ҳайвонлари билан ўйнаш
Уй ҳайвонлари бизнинг эътиборимизга доим муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳар кеча улар билан ўйнаш учун озгина бўлса-да, вақт ажратинг. Итингизга тўп улоқтиринг, мушугингиз билан ипда балиқ тутишни ўйнанг, бахтли уй ҳайвони – бахтли унинг эгаси эканлигини ёдда тутинг.
Ошпазлик экспериментлари
Янги таомлар тайёрлаш
Ошпазлик мусобақасига қўшилинг (ҳеч бўлмаганда бир ҳафталик) ва ўзингизни ҳайратда қолдиринг. Ҳар куни янги таом тайёрлаш шарт: нонушта, тушлик ёки кечки овқатдан кейинги десерт – аҳамияти йўқ. Тез орада сиз етказиб бериш хизматларидан воз кечишингиз мумкин.
Пишириш ва ширинликлар тайёрлаш
Совуқ фасллар – олма, нок, ўрик ва ҳатто кабачокли пирогларни тайёрлаш мавсумидир. Ёзда эса резаворли крамбл ёки панакотта ва тартлар пиширилади. Тортлар эса ҳар фаслда тайёрланиши мумкин, улар исталган фаслда бизни қувонтиради – Наполеон, Медовик ёки Графский Развалинлар.
Ўз таомларингизни яратиш
Агар барча таомлар бир ҳил бўлиб қолган бўлса ва ижтимоий тармоқлардаги рецептлар сизни илҳомлантирмаса – ўз таомингизни ихтиро қилинг. Янги комбинациялар, ширин ва тузли нарсалар аралашмасини тайёрлашни синаб кўринг.
Пишлоқларни дегустация қилиш
Бу уйда ўтказиладиган ажойиб вақт ўтказиш услуби бўлиб, бу дўстларингиз ва оилангизга ёқиши аниқ. Пишлоқ татиб кўриш кечасини ташкил қилинг: 10 турдаги пишлоқларни тортинг ва дўстларингизга уларни фақат таъмидан таниш ўйинини таклиф қилинг.
Уйда пикник ташкил этиш
Пикник – бу нафақат ёзда ва боғда, балки қишда ва ўз квартирангизда ҳам уюштириш мумкин. Меҳмонхонада романтик пикник ўтказиш учун: меҳмонхонада плед тўшанг, мазали сендвичлар тайёрланг ва термосга чой солинг. Фон сифатида колонкада қўйилган қушларнинг куйлари ёки проектор орқали қизиқарли фильм томоша қилишингиз мумкин.
Уйни тартибга келтириш
Умумий уй тозалаш
Ҳа, бу ҳам вақтичоғликка киради. Айниқса, агар сиз энг севимли қўшиқларингиз билан чангютгични ишлатишга ёки қизиқарли сериал билан нарсаларни саралашга киришсангиз. Охирида эса, тозаликдан ялтираб турган квартирангизга қараб ҳақиқий завқ оласиз.
Ремонт ва декорация
Глобал ишларга киришмасак ҳам, деворга гулқоғозлар ёпиштириш, мебель жойини ўзгартириш ёки деворларга рамкалар/постерлар осишингиз мумкин. Бу сизга янги муҳитни ҳис қилиш имконини беради ва кўзларингизни қувонтиради.
Ажойиб сақлаш тизими ташкил қилиш
Нарсаларни текшириб чиқинг ва уларни турли қутилар, сумкалар ва органайзерларга ажратиб жойланг, шунингдек, пойабзал жавонини ҳам тартибга келтиринг. Пойабзаллар ёзги ва қишкиларини ажратиб, мавсуми ўтганларни яхшилаб тозалаб, шкафнинг тепа қисмларига қутиларга солиб олиб қўйинг.
Ўсимликларни парвариш қилиш
Агар сиз узоқ вақтдан бери уй ҳайвонини олишни истаб, бошланишига бирор ўсимликни парваришлаб кўрмоқчимисиз. Унда ўсимлик дўконига бориб, бирор кичкина гул, тувак ва тупроқ сотиб олинг ҳамда YouTube'даги махсус дарсларни ўрганиб, ўсимлигингизни тўғри парвариш қилинг.
Уйда қулайлик яратиш
Бунинг учун сизга шамлар, чироқлар ва гуллар керак бўлади. Бу учта оддий элемент уйга қулайлик муҳитини яратади. Агар бирор байрам мавсуми яқинлашса, масалан, Янги Йил байрами – бунинг учун бир чиройли арча ва байрамона безаклар керак бўлади.
Қалб хотиржамлиги учун машғулотлар
Мусиқа ва подкастларни тинглаш
Инсонни севган мусиқаси сеҳрли кучга эга: у умид беради, оғир иш кунидан сўнг енгиллик беради ва қалб жароҳатларини даволайди. Севимли қўшиқларингизни ҳар куни тингланг (ҳатто ишлаётганда), агар улардан зерикиб қолсангиз, фойдали подкастни ёқинг. Йўлда кетганда жуда фойдали бўлади.
Медитация ва релаксация
Тўғри дам ола билиш – бу санъат. Уйга келганингизда, ишлар, ташвишлар ва муаммолардан узилиб, ўзингизни бир соатгача хотиржам ҳис қилишни ўрганинг. Яхши фикрлар ҳақида ўйлаб, бўшаштирадиган ванна қабул қилинг ёки медитация қилинг. Шунда ўзингизни енгилроқ ҳис қиласиз.
Шукроналик кундалигини юритиш
Шукроналик кундалиги – бу ижтимоий тармоқларда ва психологлар томонидан жорий этилган тренд. Ҳар куни кун охирида ўз “раҳматларингиз” рўйхатини ёзинг: ўз-ўзингизга, оилангизга ёки дўстларингизга. Масалан, "Бугун спорт машғулотига борганим учун раҳмат, танамга ғамхўрлик қилдим.”
Ўйлаш учун вақт
Ташвишлар ва воқеалар оқимида бироз тўхтаб, ўзингизни эшитиш ва шунчаки ўйлашга вақт ажратиш қийин. Сиз аслида нима истайсиз? Нима ҳақида орзу қиласиз? Сизни нима безовта қилади? Нималардан қўрқасиз? Ўзингизни энг яхши дўстингиз сифатида тингланг ва ҳар куни ҳеч бўлмаганда бироз вақт давомида ички овозингизни эшитишга ҳаракат қилинг.
Дам олиш учун қулай бурчак яратиш
Бу болалар ўйнайдиган чодир ёки ёстиқлар билан дам олиш майдони бўлиши мумкин, бу ерда келганингизда сиз фақат дам олишингиз керак. Шу билан бирга у ерда ўқиш, мусиқа тинглаш, орзу қилиш ёки фильм ва сериаллар кўришингиз мумкин. Барча ишларингизни компьютерингизда қолдиринг, бу бурчакка компютерни олиб кириш ярамайди.
Виртуал ўйинлар
Компьютер ўйинлари, пасянлар ва танишув дастурлари – булар барчаси сизни бир неча соат давомида завқлантирадиган виртуал ўйинлардир. Кўпинча улар совуқ мавсумда айни муддао бўлади. Фақат берилиб кетманг, уйқунгиз келиши билан ётиб дам олинг.
Дўстлар билан онлайн ўйинлар ўйнаш
Агар ёлғиз ўйнаш зерикарли бўлса, дўстларингизни ўйнашга таклиф қилинг. Айниқса, агар сиз бир-бирларингиздан узоқ масофада яшасангиз ёки вақт чекланган бўлса, бундай ўйинларга биргаликда ўйнаш янада қизиқарли бўлади.
Виртуал экскурсиялар ва музейлар
Сиз ҳеч қачон Лувр, Пантеон ёки Лондоннинг “Тate Modern” музейида бўлмагангиз, лекин ҳар доим уларни кўришни орзу қилган бўлсангиз, энди бу имкониятни қўлдан бой берманг. Яхши янгилик шундаки, бунинг учун ҳеч қандай виза керак эмас, виртуал экскурсиялар эса ҳозирда очиқ кириш имкониятига эга.
Сериаллар ва фильмлар кўриш
Бу энг машҳур кўнгилочар машғулотлардан бири, шунинг учун биз ҳам буни эслатиб ўтишга аҳд қилдик. Севимли ситкомингизни кўриб чиқинг, “Sex and the City”даги Керри ва Бигнинг ҳикоясига қайғуриб йиғланг ёки ноябрь ойида чиққан янги сериалларини томоша қилинг. Бу рўйхатда кўп қизиқарли нарса бор.
Видео қўнғироқлар орқали дўстлар билан мулоқот қилиш
Технологиялар шу қадар ривожландики, энди сиз нафақат яқинларингизнинг овозини эшитишингиз, балки уларни телефон экранида кўришингиз мумкин. Биродарлар, буви-боболарингиз ёки ота-онангиз билан видео қўнғироқ қилиш – бу уйда ўтказиладиган энг яхши вақт.
Онлайн викториналар ва квизларда иштирок этиш
Мусиқий квизлар, сериаллар бўйича викториналар ва бошқалар. Агар ўзингизни бу борада мутахассис деб ҳисоблаб, билимларингизни текширишни хоҳласангиз, онлайн мусобақаларда иштирок этинг. Бу қизиқарли ва дунёқарашингизни кенгайтирадиган, янги дўстлар билан танишиш имконини берадиган машғулот.
Оила билан бирга ўтказиладиган вақт
Оилавий стол ўйинлари ўйнаш
Оилавий “Женга”, “Твистер” ёки “Монополия” ўйинларини ўйнанг. Биргаликда ўйналадиган стол ўйинлари – адреналин ва соғлом рақобатни шакллантиради. Ютқазганлар эса идишларни ювади.
Оилавий ошпазлик кечалари
Меҳмонга чақириш кечаларини уюштириб, бир кун сизнинг уйингизда Франция таомлари, кейинги ҳафта опангизни уйида Италия таомларини тайёрлаб меҳмонга чақиринг. Ҳар бир оила аъзолари махсус давлат анъаналарини тайёрлаш талаб қилинади: таом пишириш, дастурхонга безашва ҳатто ўша давлатнинг мусиқаларини қўйиб тайёргарлик кўриш керак бўлади.
Уй театрида ўйнаш
Бу машғулот болалар ва барча ижодкор оила аъзоларингизга ёқиши аниқ. Саҳна кўриниши яратинг, спектакль қўйинг ёки песаларни ролларга ажратиб ўқинг. Меҳмонхона саҳна, пардаларни эса саҳна орти сифатида қўллаш мумкин.
Оилавий спорт мусобақаларида иштирок этиш
Бу қийин, лекин амалга оширилиши мумкин бўлган қизиқарли машғулотлардан бири. Агар уйингиздаги хона кенг ва катта бўлса, бадминтон ёки футбол ўйнаш мумкин. Фақат эҳтиёт бўлинг, айниқса қандиллар ва вазаларни асранг.
Шахсий ривожланиш
Мақсадлар қўйиш ва режалаштириш
Иш дафтарингизни қўлга олиб, ўз йиллик – ҳар ҳафта, ҳар ойлик ва квартал учун режаларингизни тузинг. Бир ойдан сўнг нималарга эришиш, нима сотиб олиш, қаерга боришни хоҳлайсиз? Энг асосийси, бу орзуларни амалга ошириш учун бюджетни қандай ҳисоб-китоб қилишни билишингиз муҳимдир.
Муваффақиятлар кундалигини юритиш
Маошингиз кўтарилдими, юқори лавозимга кўтарилдингизми, квартира сотиб олдингизми ёки спорт билан шуғулланишни бошладингизми – барча, кичик ёки катта ютуқларингиз учун ўзингизни мақтаб қўйинг ва уларни махсус муваффақиятлар кундалигингизда ёзиб муҳрлаб қўйинг.
Янги маҳоратларни ўрганиш
Чача-ча рақсини ўрганиш, покер ўйнаш, камида 10 марта отжимание қилиш, апелсинлар билан жанглёрлик қилиш ёки тез ўқиш каби маҳоратларни ўрганишга ҳаракат қилинг. Ҳар қандай янги қобилият – қимматли тажриба, ишонинг, бир кун қачондир у ҳам керак бўлади.
Мотивацион китоблар ўқиш
Бу фақат “Ўйланг ва бой бўлинг” каби китоблар ўқиш эмас (лекин уни ҳам албатта ўқинг). Китоблар тўпламингизни айнан мотивацион китоблар билан тўлдиринг (электрон вариантда бўлса ҳам) ва ўзингизга ёққан соҳада ривожланинг.
Ўзини таҳлил қилиш ва рефлексия
Энг муҳими – апатияга тушмаслик! Ўзингизни таҳлил қилиш бўйича соғлом марафон ўтказинг: охирги йилларда нималар ўзгарди, қайси соҳангиз заифлашди, қайси бири яхшигина ривожланди. Бу хатолар устида ишлашнинг биринчи қадамидир.
Ижтимоий фаолиятлар
Волонтёрлик ва бошқаларга ёрдам бериш
Уйсиз ҳайвонлар жамғармасига ёрдам бериш, болалар уйига кийим йиғиш ёки хайрия учун пул тўплаш – бу нафақат сизнинг эмпатиянгиз ва олийжаноблигингиз юқори ўринда эканлиги ҳақида, балки бир кун келиб буларнинг барчаси сизга қайтиб келишини ишонч билан айтамиз.
Онлайн жамиятларда иштирок этиш
Шундай номланадиган қизиқишларингиз бўйича форумларда севимли китобларингиз, мусиқангизни муҳокама қилишингиз, спортга пул тикишингиз, юлдузлар ҳақида ғийбат қилишингиз ёки болалар тарбияси ҳақида баҳс юритишингиз мумкин. Айниқса, агар сиз интроверт бўлсангиз ва бироз бўлса-да, суҳбатлашишни хоҳласангиз.
Онлайн учрашувлар ташкил қилиш
Бу эса кейинги даража. Ўз қизиқишларингиз бўйича гуруҳ тузинг ва ҳар ҳафта учрашувларни режалаштиринг, бу ерда сиз ёқтирган нарсаларни бошқалар билан муҳокама қилиш, мемлар билан алмашиш, шунингдек, узоқдан чой ичиш маросимларини ўтказишингиз мумкин.
Хатлар ва табрикномалар ёзиш
Бу ижтимоий тармоқлардан, хабарлар дастурларидан ва электрон почта ёзишмалардан чарчаган романтик руҳдаги кишилар учун. Чиройли, мавзуга мос табрикнома сотиб олинг ва уни дўстларингиздан бирига юборинг, ёки севгилингизга муҳаббат хати ёзинг – почта қутиси ўрнига ёстиқни ишлатишингиз мумкин.
Блог яратиш ва юритиш
Агар ўз фикрларингиз, билимларингизни баҳам кўришни хоҳласангиз, юлдузларнинг қизил гиламдаги образларини изоҳлашни яхши кўрсангиз, технологиялар дунёсидаги янги функцияларни айтиб беришингиз, гўзал суратлар ёки севимли рецептлар билан постлар жойлаштиришни хоҳласангиз, шахсий блог юритишни бошланг. Бу Телеграм-канал ёки Instagram саҳифаси бўлиши мумкин. Ўзингизни намойиш этишдан қўрқманг!