Yandex Mapsʼга Ўзбекистондаги диққатга сазовор жойларнинг 3D моделлари киритилди
Yandex Maps иловасида Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларнинг 3D моделлари жойланди. Компания жами Ўзбекистондаги обидаларнинг 27 та уч ўлчамли моделини ишлаб чиқди.
Yandex Uzbekistan Yandex Maps навигация иловасига Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хивадаги диққатга сазовор жойларнинг уч ўлчамли рангли моделларини қўшди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Тошкентда Ҳазрати Имом мажмуаси, Кўкалдош мадрасаси ва Чорсу бозорини, Бухорода Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз меъморий ансамблларини, Самарқандда Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини, Хивада эса Калта минорни кўриш мумкин.
Барча моделларда архитектура хусусиятлари, ёзувлар, ранглар, соялар кўринади. Агар тунги режим ёқилса, реал шаҳарда оқшом тушиши билан чироқлар пайдо бўлади.
«Биз Ўзбекистоннинг машҳур жойларининг 27 та уч ўлчамли моделини яратдик ва бунинг учун 350 соатдан кўп вақт сарфладик. Энди Yandex Maps фойдаланувчилари керакли ҳудудда яхшироқ мўлжал олиши мумкин бўлади. Шунингдек, улар диққатга сазовор жойларни барча ракурсларда ўрганиб чиқиши мумкин», — дея изоҳ берди Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров.
Иловада 3D моделларни кўриш учун қидирув панелига жой номини киритинг ёки харитадан объектни топинг ва уни катталаштиринг.