Zaha Hadid Architects Янги Тошкентдаги маданий объектлар мажмуасини лойиҳалаштирди
Жаҳонга машҳур Zaha Hadid Architects компанияси Янги Тошкентдаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа лойиҳасини яратди.
Янги Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа жаҳонга машҳур Zaha Hadid Architects компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Бу ҳақда 26 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевга тақдимотда сўз юритилди.
«Бўлажак мажмуа ўзига хос дизайни ва функционаллиги билан диққатга сазовор. Унда эстетика ва қулайлик моҳирона бирлаштирилиб, атроф-муҳит билан уйғунлик ҳосил қилади», — деб ёзди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Апрель ойи бошида Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги илк объектлар: «Янги Ўзбекистон» университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг кампуслари, Миллий кутубхона, Миллий театр, шунингдек, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази, ижод мактаби, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўзида жамлаган «маънавият мажмуаси» қурилишига старт берганди.
Zaha Hadid Architects компанияси таниқли архитектор Заҳа Ҳадид томонидан 1979 йилда асос солинган, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Компания деярли 45 мамлакатда 1000 га яқин лойиҳани амалга оширган.
Энг машҳур лойиҳалар қаторига Бокудаги Ҳайдар Алиев маркази, Римдаги XXI аср санъати миллий музейи (MAXXI), 2012 йилги Олимпия ўйинлари учун Лондон сув спорти маркази, Цинциннатидаги Розенталь замонавий санъат маркази, Гуанчжоу опера театри ва бошқалар киради. 2016 йилда Заҳа Ҳадид вафот этганидан бери бюрони унинг шериги Патрик Шумахер бошқариб келмоқда.