1 декабрдан ипотека кредити учун аризалар қабули бошланади. Қандай қилиб кредит олиш мумкин?
Фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга 120 млн сўмгача кредит учун онлайн ариза беришлари мумкин бўлади. Маблағлар Маҳалла еттилиги тавсияси асосида ажратилади.
1 декабрдан уй-жойни яхшилаш учун ипотека кредитларига аризалар қабули бошланади. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукумат қарори билан камбағал оилаларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга 120 млн сўмгача ипотека кредитлари берилиши белгиланган. Маблағлар Марказий банк асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставка (18 фоиз) да 20 йилгача ажратилади.
Бошланғич тўловнинг бир қисмини қоплаш учун кредитнинг 15%и миқдорида, фоиз тўловларининг 12 фоиздан ошган қисмига беш йилгача субсидия тақдим этилади. Уларни subsidyplatform.mf.uz платформаси орқали олиш мумкин.
Шу билан бирга, кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тўловлар миқдори 50 фоизга камайтирилади.
Ипотека кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан «Агробанк», «Халқ банки», «Микрокредитбанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» орқали ажратилади.
Қайд этилишича, ҳозирда онлайн ариза бериш учун тизим ишлаб чиқилмоқда. Жараённи жорий йилнинг 1 декабригача якунлаш режалаштирилган. Ундан кейин эса, тўлиқ «Онлайн маҳалла» электрон платформаси орқали ариза бериш имконияти яратилади.