Яккасаройдаги Аския деҳқон бозори қайта қурилади
Лойиҳа қиймати 150 млн долларни ташкил этиб, у ўз ичига экобозор, совутгич омборхонаси, автотураргоҳ ҳамда 4 юлдузли меҳмонхонани қамраб олади.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган Аския деҳқон бозори қайта реконструкция қилинади. Бу ҳақда туман матбуот хизмати хабар берди.
16 ноябрь куни тумандаги «Ateca Hotel Suites» меҳмонхонасида лойиҳа бўйича тақдимот бўлиб ўтди. Унда Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова Аския бозорида харидорларнинг келиб кетишига бир қатор ноқулайликлар мавжудлигини қайд этди.
Бозорда жойлашган автотураргоҳ ҳажми кичиклиги, очиқ ҳудудда жойлашган бозор ноқулай об-ҳавода фуқароларга ноқулайлик келиб чиқараётганлиги ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга етарли даражада қулайлик мавжуд эмаслиги бўйича маълумот берилди.
Бугунги кунда эскирган бозорни янги кўринишда қайта қуриш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Улар томонидан билдирилаётган таклифлар асосида бозор ҳудудини «E-аукцион» платформаси орқали инвесторларга таклиф этиш режалаштирилган.
Туман ҳокимлиги сотиб олиш таклифи билан чиққан инвесторга Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давактив агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Муниципиал активларни бошқариш маркази билан белгиланган талаблар бўйича келишилишини қайд этди.