«Ҳақиқий зиғир ош учун Самарқандга бориш шарт эмас». Plov City ресторанига шарҳ
Авваллари Тошкент нон шаҳри дейишарди, ҳозир пойтахт том маънода ош шаҳрига айланиб улгурди. Бу ерда исталган ҳудуднинг исталган турдаги паловини жуда осонлик билан топиш мумкин.
«Таом» бўлими ижодкорлари бу гал Яшнобод туманидаги Паркент бозорига яқин жойлашган Plov City мажмуасида бўлиб, турли ошлардан таътиб кўрди.
Овқат билан биргаликда рестораннинг жойлашуви, гавжумлиги, сервис сифати ва ҳароратига ҳам алоҳида баҳо бердик. Ушбу мақола фойдали бўлади деган умиддамиз.
Ўзгача ёндашув
Plov City хўрандаларга уч турдаги ош: тўй, чойхона ва зиғир ошларни таклиф қилади. Кираверишдаги реклама пешлавҳаларида бу таомларга турлича таъриф берилган.
Жумладан, тўй ойи тўй бўлмаган исталган кунда ейиладиган, чойхона эса чойхоначи акалар учун, зиғир ош бўлса, Самарқандга бориш шарт бўлмаган зўр палов сифатида кўрсатилган.
Албатта, бу ёндашув муаллиф сифатида бизни қувонтирди. Официантлар ҳам миллийлик рамзи ҳисобланган дўппи ва атлас матодан ишланган аксессуарлар тақиб олган, бу албатта ҳам кўзни қувнатади, ҳам ўзликдан фахрлантиради.
Таомлар мазаси
Очиғини айтиш керак, тушлик ёки кечлик вақтида бирор овқатга баҳо бериш бу жуда катта хатодир. Шундай бўлсада, биз ўқувчиларимиз учун адекват баҳо тайёрлашга ҳаракат қиламиз.
Дастурхонга чойхона ва зиғир ошлар буюртма берилди. Иккала паловда ҳам ўзига хос таъм бор. Айниқса, чойхона палов (39 минг сўм) маромига етказиб тайёрланган. Ошда бироз аччиқ ва ёқимли таъм бор эди.
Аммо зиғир ош (37 минг сўм) ҳақида бундай дейиш қийин. Самарқанд ошда ёғ миқдори кўп, гуручлар эса негадир деярли оппоқ. Сабзини ҳам деярли топа олмадик. Бу ошга 6/10 балл беришга қарор қилдик.
Хизмат кўрсатиш сифати
Юқорида таъкидланганидек, ресторанда официантлар миллий либослардан кенг фойдаланади. Умуман олганда, хизмат сифати яхши. Тезкор ва аниқлик билан буюртмалар олиб келинади.
Фақатгина зиғир оши нисбатан кеч келди. Бу орада шерикларимиз кутиб қолгани учун чойхона палов ҳам совиб қолди деб ўйлагандик. Аммо акси бўлиб чиқди: янги келган Самарқанд ош илиқ, чойхона эса иссиқ эди.
Жойлашув
Plov City ош марказининг Тошкент шаҳрида иккита филиали бор. Биринчиси Яшнобод тумани Паркент бозори чорраҳасида, иккинчиси эса Учтепа туманидаги Фарҳод тўйхонаси олдида.
Умуман олганда, иккала филиал ҳам одамлар доим гавжум бўладиган жойда жойлашган. Машиналар тиқилинч тургани ҳам буни кўрсатмоқда. Агар имкон бўлса, автотураргоҳ муаммоси ҳал этилса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Буюртма бериш
Замонавий дунёда буюртма хизматисиз ишлайдиган озиқ-овқат бизнесини учратиш қийин бўлиб қолди. Худди шундай, Plov Cityʼда ҳам етказма хизмати мавжуд.
Ушбу Телеграм бот орқали уйингиздан чиқмасдан туриб, мазали ва тўйимли ошларга буюртма беришингиз мумкин. Етказиб бериш хизмати нархи эса 12 минг сўмни ташкил қилади.