Фото: Буюк Ипак йўли метросида ҳожатхона очилди


Тошкент метросининг Буюк Ипак йўли бекатида жамоат ҳожатхонаси ҳамда оналар ва болалар хонаси очилди. Хизматдан фойдаланиш нархи — 3 минг сўм. Метрополитен яна 3 та бекатда қурилиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
13 февраль куни Тошкент метрополитенининг Буюк Ипак йўли бекатида ҳожатхона ҳамда оналар ва болалар хонаси ишга тушди, деб хабар берди «Газета.uz».
Маълумот лавҳасидан (у ўзбек, инглиз ва рус тилларида ёзилган) кўринадики, ҳожатхонадан фойдаланиш нархи — 3 минг сўм.
Ундан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, ногиронлиги бор шахслар, 7 ёшгача бўлган болалар, нафақадаги фуқаролар, Чернобил фалокати иштирокчилари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бепул фойдалана олади. Бунинг учун маълумотни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши керак.
Тошкент метрополитенининг маълум қилишича, ҳозирда Амир Темур, Беруний, Пахтакор бекатларида ҳам ҳожатхона қуриш ишлари давом этмоқда.