Geely Ўзбекистон бозорига 2025 йилда киришни режалаштирмоқда
Бунгача Хитой компанияси мамлакатда тадқиқот ва синов жараёнларини ўтказади. Чуқур ўрганишлар асосида бренд ўз автомобилларини тақдим этади.
Хитойнинг Geely автомобиль бренди Ўзбекистон бозорига киришга фаол тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Расмий тақдимот 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Geely Autoʼнинг аниқлик киритишича, бу келаси йилнинг иккинчи чорагига белгиланиши мумкин.
Бунгача компания томонидан Ўзбекистонда бир қатор бозор тадқиқотлари ва «тест драйв» ўтказиш белгиланган. Жараён, жумладан, хорижий бозорлар учун мўлжалланган барча моделдаги автомобилларнинг турли ҳажмларини, шунингдек, янги электромобиллар ва гибрид автомобилларни қамраб олади.
Истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари чуқур ўрганилганидан сўнг, Geely мамлакатда ўз автомобилларини тақдим этади. Қайд этилишича, Ўзбекистонда сотувга чиқарилиши режалаштирилган моделлар Россия, Беларус ва Қозоғистон каби мамлакатлардаги истеъмолчилар томонидан юқори баҳоланган.