Солиқ қўмитаси онлайн чекларни таҳрирлаш муддатини узайтирди
Барча солиқ тўловчилар октабр ойи учун онлайн-НКТ чекларидаги суммаларни 1 декабргача таҳрирлашлари мумкин.
Солиқ қўмитаси йирик ҳажмдаги маълумотларни янги серверга миграция қилиш муносабати билан 30-октабр кунидан 5 ноябргача онлайн НКТ чекларни таҳрирлаш вақтинча чекланишини маълум қилганди.
Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, маълумотлар базасидаги фискал чеклар ва жисмоний шахсларнинг 80 терабайт ҳажмдаги маълумотлари янги серверларга миграция қилинди.
Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга кўрсатиладиган электрон хизматлар белгиланган тартибда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, дастурий таъминотнинг янгиланган версиясига ўтиш, маълумотлар базасини оптималлаштириш, хато ва такрорланишларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларни кўчириш жараёнида солиқ тўловчилар учун ноқулайликларни камайтириш, маълумотларнинг сақланиши ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шахсий кабинетда чекларни таҳрирлаш имконияти 8 ноябргача чекланади. Шунингдек, бу даврда ахборот тизимлари ва электрон хизматларда қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, қўмита барча солиқ тўловчиларга октабр ойи учун онлайн-НКТ чекларидаги суммаларни таҳрирлаш муддатини 1 декабргача узайтирди.
Бунда қолган барча маълумотларни таҳрирлаш чекланмаган. Яъни, тадбиркорлар 2023 йилнинг 1 январидан чоп этилган онлайн-НКТ ва электрон чекларда йўл қўйилган хатоликларни таҳрирлашлари мумкин.