Коллежлар Олий таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилади
Илгари коллежлар турли вазирлик ва идораларга қарашли эди. Энди бу тизимда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилади.
Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Ҳозирги кунда профессионал таълим тизими уч турдаги муассасалар: 333 та касб-ҳунар мактаби, 227 та техникум ва 112 та коллеждан иборат. Улар табақалашганлиги ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани сабабли мавжуд қувватлардан унумли фойдаланилмаяпти.
Шу боис мазкур 3 турдаги муассасалар негизида техникумлар тармоғини ривожлантириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 600 та техникум ташкил этилади. Мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган 71 та муассаса биноси мактабларга айлантирилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади.
Бундан ташқари, илгари коллежлар турли вазирлик ва идораларга қарашли эди. Энди бу тизимда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилади.
Замон талабларига тез мослашиши учун техникумларнинг академик мустақиллигини кенгайтириш мўлжалланмоқда. Ўқиш муддатлари ва давомийлигини касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Таълим соҳасидаги лойиҳалар офиси ҳузурида Миллий малака тизимини ривожлантириш институти фаолияти йўлга қўйилади. Институт ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Миллий малака рамкасини янги таҳрирда қабул қилади. Лавозим ва касблар классификатори қайта кўриб чиқилади, 100 га яқин замонавий касблар киритилиб, ҳозир амалиётда бўлмаганлари чиқариб ташланади.