Нега бола уйқусида йиғлайди ва бу хавфлими?
Агар болангиз уйқусида уйғонмасдан йиғласа ва “симфоник концертлар” узоқ вақтга чўзилса, бу ҳақда ўйлашга арзийди. Аммо ваҳима қилманг: аслида тушунтириш жуда оддий. Келинг, психология, неврология ва педиатрия нуқтаи назаридан бола уйқусида нега йиғлашига аниқлик киритамиз.
Нега бола уйқусида йиғлайди, педиатрлар фикрига назар
Бундай ҳодиса одатда чақалоқнинг дастлабки ойларида кузатилиши мумкин. Сабаби чақалоқнинг уйқуси мактабгача тарбия ёшидаги боланинг уйқусидан кескин фарқ қилади. Чақалоқ уйқусининг ярмига яқини мия ривожланишининг барча жараёнлари содир бўладиган “тезкор фаза”га тўғри келади. Шунинг учун ҳам бола ҳар хил товуш чиқаради, хириллайди ва ҳаракатланади. Бундан ташқати, у кескин йиғлаши ва тўхташи, шунингдек, ҳар бир шитирлашдан уйғониши мумкин.
- Яна бир кенг тарқалган сабаб очлик, оғриқ ҳисси ёки тўлиб-тошган тагликдан ноқулайлик бўлиши мумкин. Бу вазиятда энг табиий ечим — кийимни алмаштириш ва овқатлантириш. Лекин буни жим ва хира ёруғликда бажариш керак.
“Чақалоқ йиғлашининг дастлабки белгилари доимо очлик ва оғриқдир. Ҳаётининг илк ойларида чақалоқ ферментлар фаоллигининг пастлиги ва ичак микробиомасининг ривожланмагани туфайли санчиқлардан азият чекади. Шунга кўра, улар очликни ҳам йиғи билан ифодалайди”, — дейди педиатр Парвина Ҳамраева.
- Бола уйқусида йиғлашининг яна бир ноаниқ сабаби “тасодифий” ноқулайлик бўлиши мумкин. Мисол учун, унинг кўрпа-тўшакида увоқлар бўлиши ёки чақалоқни каравотига учиб клеган ҳашарот уни чақиб олган бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, юқоридаги сабабларни аниқлаш қийин эмас: тажрибали шифокор чақалоқ уйқусида нотинчлигининг сабабини тезда аниқлаши ва вазиятни тўғрилашга ёрдам бериши мумкин. Хусусан, газ ҳосил бўлишининг олдини олиш, оғриқ синдромини бартараф этиш ёки бошқа тавсиялар ёрдамида.
Болани йиғидан қандай тўхтатиш мумкин?
- Уйқу кескин ёмонлашган пайтда болани тинчлантириш, шунингдек унинг режимига риоя қилиш керак: бир вақтда ухлашга ётқизиш, ҳаддан ташқари чарчаш ва безовталанишга йўл қўймаслик керак.
- "Моро рефлекси" деб аталадиган нарса ҳам кузатилиши мумкин — бу бола уйқусида қўлларини кўтариб, ўзини уйғота бошлаганида пайдо бўладиган туғма хусусиятдир. Бундай вазиятда йўргаклаш ҳам ёрдам беради.
- Шуни тушуниш керакки, бир ёшгача бўлган бола турли инқирозларни бошдан кечириши мумкин. Ота-онанинг асосий вазифаси эса унинг режимини кузатиб бориш ва сифатли уйқу учун барча зарур шароитларни яратишдир.
- Йиғи тўхтамаса, тез-тез ва баланд овозда бўлса — касаллик эҳтимолини истисно қилиш учун шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
- Агар бола уйқусида йиғласа-ю, лекин зўриқишсиз бўлса, уни шунчаки кузатинг. Ўзи уйғонганида эса, уни овунтиринг, овқатлантиринг ва сув беринг.
- Мутахассислар билан маслаҳатлашинг ва газ ҳосил бўлишининг олдини олиш ва оғриқ синдромларини йўқ қилиш борасида мурожаат қилишдан қўрқманг.
Психологларнинг бола уйқусида йиғлашига муносабати
Боланинг уйқуси (худди уйғоқлиги каби) унинг психологик ҳолатига, шунингдек кундузги вақтда фаоллигига бевосита боғлиқ. Бу ўзининг асосий эҳтиёжларини аниқ ифодалашни ўрганиб олган кичик мактабгача ёшдаги болаларга хосдир. Бундай болалар қаеридир оғриса, шикоят қилишади, оч қолишса, овқат сўрашади.
- Боланинг уйқусида йиғлаши кўпинча организм ва асаб тизимининг ҳаддан ташқари зўриққани ёки чарчаганига бўлган реакциясидир. Бу табиий жараён, чунки кун давомида бола ўйнайди, янги таассуротларга дуч келади ва дунёни ўрганади.
“Кўпинча бу таъсирчан болаларга алоқадор бўлиб, улар кун давомида қандайдир салбий ҳис-туйғуларга эга бўлиши ва буни тушларида, салбий тушлар орқали чиқариб юборишлари мумкин“, — дейди Парвин Ҳамраев.
- Мутахассиснинг фикрига кўра, боланинг уйқусида йиғлашига яна бир сабаб оғриқ синдроми, қўрқув, фобия (буларни бола ҳали ифодалашни ўрганмаган) бўлиши мумкин.
- Шунингдек, ҳар қандай стресс ва хавотирдан келиб чиққан тунги тушлар ҳам бунга сабаб бўла олади. Бу пайтда бола ҳатто қичқириши, каравотдан ирғиб туриши, қўрқиб кетган катта одамнинг саволларига эътибор бермай, уйда юра бошлаши мумкин.
- Бу ҳодиса "тунги террор" деб аталади ва қўрқинчли номга эга бўлишига қарамай, у соғлиқ учун хавфли эмас. Лекин унинг пайдо бўлиш сабабини аниқлашга арзийди.
Нима қилиш мумкин?
- Агар бола гапиришни ўрганган бўлса, у билан гаплашишга ва нима безовта қилаётганини аниқлашга ҳаракат қилинг.
- Қўрқувни биргаликда енгишга ёрдам берадиган усулни ўйлаб топинг. Масалан, қоғозга қўрқувни чизиш ва уни йиртиб ташлаш, каравотга йиртқич ҳайвонларга қарши “дори” (пульверизатор суви) сепиш.
- Севимли қаҳрамон ёки бола шаклидаги чиройли тунги чироқ сотиб олинг, фарзандингиз иисталган вақтда уни ёқа олсин.
- Уйқуга кетишдан бир неча соат олдин гаджетлар, мультфильмлар ва фаол ўйинлардан воз кечинг.
- Уйқудан олдин фарзандингизга кўпроқ вақт ажратинг: унга китоб ўқинг, фонда сокин мусиқани қўйинг ва шунчаки у билан гаплашинг.
- Болага унинг ҳимоячиси ва дўсти бўла оладиган, бирга ухлайдиган ўйинчоғини сотиб олинг — тактил сезгилар хавфсизлик ҳиссини шакллантиради.
- Боланинг саломатлигига эътиборли бўлинг. Агар бола оғриқдан шикоят қилса, унинг авж олишини кутмай, иложи борича тезроқ мутахассисга мурожаат қилинг.