«One Direction»нинг собиқ аъзоси Лиам Пейн вафот этди
«One Direction» гуруҳининг собиқ аъзоси Лиам Пейн вафот этди. Уни Буэнос-Айресда жонсиз ҳолда топишган, деб хабар бермоқда Reuters. Мусиқачи 31 ёшда эди.
Лиамнинг жасади у истиқомат қилган меҳмонхона яқинидан топилди. Пейн бинонинг учинчи қаватидан йиқилиб тушганидан сўнг вафот этган. Унинг нима сабабдан баландликдан қулагани номаълум.
Тез ёрдам ходимларининг айтишича, мусиқачи «тирик қолиш эҳтимоли паст бўлган жуда оғир тан жароҳатлари олган». Пейн шифокорлар етиб келишидан олдин жон берган.
Полиция воқеа жойига меҳмонхона бошқарувчисининг чақируви бўйича етиб келган. У меҳмонхона ҳудудида тажовузкор эркак борлигини ва у гиёҳванд модда ёки алкоголь таъсирида бўлиши мумкинлигини маълум қилган.
Лиам Пейн 1993 йил 29 августда Буюк Британияда туғилган. У 16 ёшида «The Х Factor» телекўрсатувида қатнашган, шундан сўнг «One Direction» йигитлар гуруҳининг аъзосига айланган. Гуруҳ таркибига Зейн Малик, Гарри Стайлз, Найл Хоран ва Луи Томлинсон ҳам кирган.
Пейн 2017 йилда ўзининг биринчи якка «Strip That Down» қўшиғини, 2019 йилда эса 17 та қўшиқдан иборат биринчи якка «Ип1» альбомини чиқарган. Мусиқачидан етти яшар ўғли қолди.