Тарас Шевченкодаги гастрономик кўча очилиши 1 октябрга қолдирилди
Бунга гранит тош ётқизилиши, ёзги террасалар қурилишидаги кечикишлар ҳамда велосипед йўлагидан воз кечиш кабилар сабаб бўлган.
Тошкент шаҳрининг Тарас Шевченко кўчасидаги гастрономик кўчанинг очилиши 1 октябрга қолдирилди. Бу ҳақда Миробод тумани ҳокимлиги хабар берди.
Кечикиш сабаби қурилиш жараёнида киритилган ўзгартиришлар бўлиб, улар қўшимча вақт талаб қилади. Хусусан, кўча бўйлаб велосипед йўлагидан воз кечиш ҳисобига пиёдалар учун ҳудудни кенгайтириш, велосипедчилар эса қатнов қисмида ҳаракатланиши режалаштирилган.
«Биринчи босқичда гастрономик кўча тест режимида ишлайди. Келгусида Тарас Шевченко кўчаси транспорт ҳаракати учун ёпилиб, пиёдалар ҳаракатланиши мумкин бўлади», — дейилади туман ҳокимлигида.
Бундан ташқари, айрим тадбиркорлар ёзги террасаларни яратишда кечикишларга дуч келишди. Уларни ўрнатиш бизнес ҳисобидан амалга оширилмоқда, бироқ Миробод ҳокимлиги «Алоқабанк» орқали кредит ажратишга ваъда берган.