Toping.uzʼда афиша: Гулсевар дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди
Кузнинг учинчи ойи бўлган ноябрнинг иккинчи ҳафтаси ҳам якунига етмоқда. Пойтахт кўчалари кузга хос бўлган тилларангга бурканган, ҳаво эса анча совиб, ёғингарчилик бошланди. Блогер Гулсевар билан олтин куздаги Тошкент ҳақида суҳбат олиб бордик.
Ҳордиқ
Мен Тошкент шаҳридаги истироҳат боғларини пиёда сайр қилишни ёқтираман. Айниқса, кузда боғлар ўзига хос кайфиятга эга бўлади.
Бу борада Ботаника боғи, экопарк, Мовий гумбазлар ва Телман боғларини маъқул кўраман, дейишим мумкин.
Шунингдек, бошқа сокин манзилларда ҳам бўлишни хуш кўраман. Ёлғиз қолиб, бемалол фикрлашингиз учун имкон бўлади.
Кино
Мен доимий равишда кинопремераларни томоша қилиб бораман. Фантастик жанрдаги фильмларни жону дилдан яхши кўраман. Ўзга оламга саёҳат қилиш жуда ажиб ҳисдир.
Пойтахтда кинотеатрлар ҳам анча кўп. Бу эса киноманларга танловни кенгайтиради ва ўз дидига қараб, жой танлаш имконини беради, деган фикрдаман.
Театрга эса унча кўп бормайман. Аммо театр бу маънавий ҳордиқ экани боис кўпроқ қатнашни маслаҳат берган бўлардим.
Таом
Асосан миллий таомлар тановул қиламан. Шу боис ўзбекона ресторанларда овқатланишни хуш кўраман.
Бизнинг ошхонамиз мазали таомларга жуда бой ҳисобланади. Шу сабабли ҳеч қачон овқатлардан зерикиб қолмайсиз.
Харид
Мен замонавий услубдаги кийимлар дўконидан харид қилишни маъқул кўраман. Бунда Just ва Selfie каби дўконларни танлайман.
Кийим танлашда дастлаб унинг жимжимадорлигига ва кейин эса сифатига, қулайлигига эътибор қаратаман. Бунда албатта иккаласи ҳам муҳим.
Айни пайтда кийимлар учун танлов ҳам анча ошиб қолди. Ҳар ким ўз дидига мос буюмларни топа олишига ишонаман.